Украина ҳужуми Қозоғистоннинг газ экспортига путур етказди
Ҳужумдан сўнг Оренбургдаги «Газпром» корхонаси Қозоғистондан газ қабул қилишни тўхтатган.

Украинанинг Оренбург вилоятидаги Россия газ қайта ишлаш заводига учувчисиз учиш аппарат ҳужуми қўшни Қозоғистонни мамлакатдаги энг йирик нефт ва газ конларидан бири — Қорачиғаноқда қазиб олишни қисқартиришга мажбур қилди. Бу ҳақда Reuters соҳадаги манбаларга таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, зарбадан сўнг Оренбургдаги «Газпром» корхонаси - дунёдаги энг йирик газ қайта ишлаш мажмуаларидан бири - Қозоғистондан газ қабул қилишни тўхтатган. Оқибатда Қорачиғаноқ конида қазиб олиш 25-30 фоизга қисқарган.
Энергетика соҳасининг икки вакили аниқлик киритишича, конда қазиб олиш кунига 35-35,5 минг тоннадан 25-28 минг тоннагача камайган.
«Оренбург ўз ишини қайта бошламагунча, биз аввалги ҳажмларга чиқа олмаймиз», - деган суҳбатдошлардан бири.
Қозоғистон Энергетика вазирлиги таъминотнинг вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади ва вазият назорат остида эканини маълум қилди. Россия томони ҳозирча ҳодисага изоҳ бермаган.
Киев ўтган ҳафта унинг кучлари Оренбург вилоятидаги газ заводи ва қўшни Самарадаги нефтни қайта ишлаш мажмуасига зарба берганини тасдиқлади.
Украина сўнгги ойларда Россия энергетика объектларига ҳужумларни кучайтирди, ёқилғи экспортини издан чиқариш ва Москванинг молиявий даромадларини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда.
«Оренбург мажмуаси ишидаги кечикиш Қозоғистон учун жиддий зарба бўлди, бу ерда Қорачиғаноқ конидан олинган газ нафақат қайта ишланади, балки қатлам босимини ушлаб туриш ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун ҳам ишлатилади», - дея таъкидлайди нашр.
Қорачиғаноқ дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлиб, 2024 йилда у кунига 263 минг баррелга яқин нефт қазиб олган. Ҳажмнинг катта қисми Каспий қувурлари консорциуми орқали Россиянинг Қора денгиз терминалига ва «Дўстлик» нефт қувури орқали Германияга экспорт қилинади.
2024 йилда Қозоғистон ҳукумати лойиҳа иштирокчилари билан қуввати йилига 4 миллиард куб метргача бўлган янги газ қайта ишлаш заводини қуриш ва 2028 йилгача ишга тушириш бўйича келишувга эришди.





