«Устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликларига ҳар бир «шогирд» учун 5 млн сўмдан мукофот пули берилади
Танлаб олинган ҳар бир «устоз»га пахта ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжалиги «шогирд» сифатида бириктирилади.

Ҳукуматнинг 2026-йил 24-сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган «янги агроном»ларни тайёрлаш ва «устоз-шогирд» тизимлари жорий этилади.
«Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида ўқиш амалиётига Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларининг мос таълим йўналишларида таҳсил олаётган 2 ва 3-босқич талабалари танлов орқали иштирок этади. Танлов олий таълим ташкилотларида ҳар йили камида бир марта ўтказилади.
«Янги агроном» тизими доирасида амалиётини аъло баҳолар билан тамомлаган талабалар махсус комиссия томонидан сараланиб, илғор хорижий тажрибани ўрганиш учун хорижий давлатларга юборилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари «Устоз-шогирд» тизими доирасида пахтадан гектарига 50–60 центнердан юқори ҳосил олган илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликларига «устоз» сифатида танловда қатнашишни таклиф этади.
«Устоз» сифатида танлаб олинган ҳар бир агрокластер ёки фермер хўжалигига пахта ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжалиги «шогирд» сифатида бириктирилади.
Ҳар ҳосил йили якунида «шогирд» фермер хўжалиги пахтадан гектарига 50 центнердан юқори ҳосил олган «устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликлари ҳар бир «шогирд» фермер хўжалиги учун 5 млн сўмдан мукофот пули билан тақдирланади.
«Устоз-шогирд» тизими доирасида амалга ошириладиган ишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси орқали назорат қилинади. «Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари ҳамда уларга бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликлари реестри вазирлик томонидан юритилади.





