UzAuto Motors'га харидор уч давлат, беш йилга қамалган «Реал Санжик» ва 1,3 млрд сўм омонатни ўғирлаган банкир — 8 октябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

13 нафар фуқаронинг 1,3 млрд сўм омонат пулларини ўзлаштирган банк ходими қўлга олинди
Чирчиқ шаҳридаги тижорат банки филиалининг бўлим бошлиғи 13 нафар фуқаронинг омонат учун топширган жами 1,3 миллиард сўм маблағини ўзлаштириб юборгани аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, банк ходими ушбу пулларни кассага кирим қилмасдан, омонат ҳисобварақларига сохта маълумотлар киритган ва маблағларни ўз шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузар ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу иш доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон АҚШнинг 201 млн долларлик янги инвестиция фонди мандатига киритилди
АҚШ ҳукумати маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ва дастлабки капитали 201 миллион долларни ташкил этувчи «Trans-Caspian Enterprise Fund» (TCEF) инвестиция фонди мандатига Ўзбекистон ҳам киритилди. 2026 йилнинг сентябрь ойида иш бошлаган мазкур жамғарманинг қамровига Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия давлатлари ҳам киритилган бўлиб, у ўз инвестиция қарорларини мустақил равишда қабул қилади.
Мазкур фонд асосий эътиборни Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Ғарб бозорлари билан боғловчи Транскаспий савдо йўли («Ўрта йўлак») бўйлаб амалга ошириладиган лойиҳаларга қаратади. Унинг доирасида транспорт инфратузилмаси, энергетика, логистика, савдони соддалаштириш, муҳим минераллар, молиявий хизматлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес каби еттита йўналишга сармоя киритилади. Ҳозирча Ўзбекистонда молиялаштириладиган аниқ лойиҳалар эълон қилинмаган бўлиб, улар фонднинг инвестиция портфели шаклланиши билан маълум қилинади.
«Реал Санжик» 5 йил қамоқда қолади: апелляция суди ҳукм чиқарди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ижтимоий тармоқларда «Реал Санжик» номи билан танилган тадбиркор ва автоблогер Санжар Каримовнинг апелляция шикояти бўйича ўз ҳукмини эълон қилди. Унга кўра, биринчи инстанция суди томонидан тайинланган узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Шунингдек, судланувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (136 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси ҳам тайинланиб, ушбу жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Каримов жорий йилнинг 8 май куни Мирзо Улуғбек туман суди томонидан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, фирибгарлик ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни содир этганликда айбдор деб топилган эди. Апелляция жараёнида ҳимоя томони янги далилларни тақдим этгани ва сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда унинг суд залидан озод қилингани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалганига қарамай, якуний ҳукм билан унинг қамоқ жазоси ўз кучида қолди.
«UzAuto Motors»ни сотиб олишга қизиқаётган уч давлат номи очиқланди
«UzAuto Motors» ва «UzAuto Powertrain» компанияларини хусусийлаштириш жараёнига АҚШ, Жанубий Корея ҳамда Хитой инвесторлари қизиқиш билдирмоқда. Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродовнинг таъкидлашича, икки йил олдин бошланган ушбу жараёнга халқаро тажрибага эга «Alvarez & Marsal» консалтинг компанияси жалб этилган бўлиб, корхоналар ҳеч кимга тўғридан-тўғри сотилмайди, балки жараён очиқ ва рақобатбардош халқаро савдолар орқали амалга оширилади.
Ҳозирда хусусийлаштириш сценарийсини ишлаб чиқиш ва савдоларни ташкиллаштирувчи халқаро консультантни аниқлаш устида иш олиб борилмоқда. Кейинги босқичларда ушбу активлар халқаро даражада баҳоланиб, аудитдан (due diligence) ўтказилади, шундан сўнг талабгорлардан таклифлар қабул қилиниб, энг яхши шартларни тақдим этган инвесторлар билан музокаралар олиб борилади.
Олти давлат президентлари Туркманистонга йиғилди. Улар қандай таклифлар берди?
Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳозирги мураккаб халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, савдо, транспорт, энергетика ва янги технологиялар бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб, «Олти иқтисодиёт — битта маҳсулот» тамойили асосида қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг ташаббуслари орасида умумий транспорт-логистика тармоғини ривожлантириш, «яшил» энергетика бўйича қўшма концепция тайёрлаш ва муҳим минералларнинг ягона рақамли харитасини яратиш каби масалалар ўрин олди.
Йиғилишда бошқа давлат раҳбарлари ҳам ўз таклифларини билдирди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров электрон савдо платформасини яратиш, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши ва туризмда «битта саёҳат — бир нечта мамлакат» тамойилини жорий этишни илгари сурди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев эса минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириб, ўзаро савдо айланмасини ҳозирги 13 миллиард доллардан 20 миллиард долларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Учрашув якунида етакчилар қўшма баёнот қабул қилиб, кўп томонлама ҳамкорликни тартибга солувчи қатор ҳужжатларни имзоладилар.





