UzNIF акциялари Тошкентда 70 фоиз, Лондонда 10 фоиздан кўпроқ қимматлади
Кун давомида 1 дона акция нархи 7,5 сўмгача кўтарилди. Айни пайтда нарх пасайишни бошлаган ва 6 сўм атрофида бўлиб турибди.
© UzNIFБугун, 2026-йил 18-май куни Тошкент фонд биржасида Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акциялари бўйича илк савдолар бошланди.
Маълумотларга кўра, жамғарма акцияларининг савдо ҳажми 1 млрд сўмдан ошишига бир ярим соат кифоя қилган. Тошкент вақти билан соат 12:40 ҳолатига кўра, савдолар ҳажми 3 млрд сўмга яқинлашди.
Кун давомида UzNIF акциялари нархи 7,5 сўмгача кўтарилди ва жойлаштириш нархига нисбатан 70 фоиздан кўпроқ ўсишни қайд этди.

Манба: Jett.uz
Бироқ, кейинчалик биржадаги оммавий сотув ортидан акциялар нархи пасайишни бошлади. Айни пайтда 1 дона акция нархи 6 сўм атрофида бўлиб, жойлаштириш нархи билан солиштирилганда ўсиш кўрсаткичи 20 фоизга яқин бўлиб турибди.
Лондон фонд биржасида UzNIF акциялари Global Depositary Receipt (GDR) кўринишида чиқарилганди. 18 май ҳолатига кўра, GDR нарх 27,8 долларгача кўтарилди.

Манба: Londonstockexchange.com
IPO доирасида GDR акциялари нархи 25 доллардан жойлаштирилган эди. Натижада UzNIF акциялари Лондон фонд биржасида 11 фоиздан кўпроққа ўсди. Шунга қарамай, айни пайтда нарх 27,60 доллар атрофида бўлиб турибди.
Бугун, 18 май куни Лондонда UzNIF IPO’си ва акциялари савдосининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда президент админстрация раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди.
Акцияларни қандай сотиб олиш мумкин?
UzNIF акцияларини сотиб олишни хоҳловчилар учун брокер ёки инвест-платформа керак бўлади. Ҳозирда энг оддий йўл — мобил илова ёки брокер орқали ҳисоб очиш.
Савдолар Тошкент республика фонд биржасида амалга оширилади. Унда Jett, Avesto Investment, Freedom Finance каби брокерлар орқали қатнашиш мумкин.
Жараён одатда қуйидагича амалга оширилади:
Брокер ёки иловада аккаунт очиш;
Паспорт/ЖШШИР билан рўйхатдан ўтиш;
Ҳисобрақамни тўлдириш.
Кейин эса «UzNIF» тиккерини топиб, нечта акция олмоқчи бўлсангиз буюртма берасиз. Оддий акция коди — UZ705898.
IPO қандай ўтди?
UzNIF Ўзбекистондаги 13 та стратегик давлат активлари улушидан шакллантирилган. Улар орасида Узбекистан Airways, Саноатқурилишбанк, Ўзбекистон темир йўллари каби йирик активлар бор.
13 май куни UzNIF IPO жараёнларини муваффақиятли якунлаб, акцияларнинг 31 фоизини 603,4 млн долларга сотгани маълум қилинганди.
Бунда акцияларнинг асосий сотуви Лондон фонд биржасига тўғри келди.





