Logo

Ветнамда электр энергияси тарифлари пасайтирилди, бензин солиғи бекор қилинди

Kecha 17:262 daqiqa

Аввал бу солиқ ёқилғи турига қараб 7 фоиздан 10 фоизгача бўлган. Электр энергияси тарифи эса 2023-йилнинг май ойидан бери биринчи марта пасайтирилди.

Ветнамда электр энергияси тарифлари пасайтирилди, бензин солиғи бекор қилинди © Foto: VnExpress

Ветнамда 1-ноябрдан бошлаб электр энергиясининг ўртача чакана нархи 2 фоизга арзонлаштирилди. Шунингдек, бензин учун ундириладиган махсус истеъмол солиғи вақтинча бекор қилинди. Бу қарор аҳоли ва бизнес харажатларини камайтириш ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳақда «Reuters» мамлакат ҳукуматига таяниб хабар берди.

Электр энергиясининг ўртача чакана нархи қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда бир киловатт-соат учун 2159,9 донгга (тахминан 0,085 доллар) туширилди.

Бу 2023-йилнинг май ойидан бери электр энергияси тарифининг биринчи марта пасайтирилишидир. Бунгача мамлакатда электр энергияси нархи бир неча бор оширилган эди.

Шу билан бирга, ҳукумат бензиннинг барча турлари учун махсус истеъмол солиғини нолга туширди. Аввал бу солиқ ёқилғи турига қараб 7 фоиздан 10 фоизгача бўлган. Имтиёз 2026-йил 1-ноябрдан 2027-йил 31-мартгача амал қилади.

Қарор кучга киргач, бензиннинг чакана нархлари ҳам пасайди. Жумладан, E5 RON 92 бензинининг бир литри 804 донгга (тахминан 0,07 доллар) арзонлашиб, 24 минг 223 донгни (тахминан 0,94 доллар) ташкил этди.

E10 RON 95-III бензини эса бир литри учун 575 донгга (тахминан 0,06 доллар) арзонлаб, 24 минг 159 донгга тушди.

Ҳукумат вакиллари ушбу чоралар аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилганини билдирган.

Қарор истеъмол нархлари ошиб бораётган бир шароитда қабул қилинди. 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ветнамда инфляция 4,52 фоизни ташкил этди. Бу ҳукумат белгилаган мақсадли кўрсаткичдан юқори.

Шунингдек, ҳукумат иқтисодий вазият ва энергетика бозоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, бензин учун ноллик солиқ ставкасининг амал қилиш муддатини узайтириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда бензин нархи яна ошиши мумкинлиги, йил бошидан буён у 20,5 фоизга қимматлагани ҳақида ёзган эдик. «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари Аброржон Худойбергановнинг айтишича, Ўзбекистондаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин тақчиллиги кузатилмайди ва ёқилғи захиралари етарли даражада шакллантирилган. Сўнгги 9–10 ой давомида бензин нархи 12 минг сўмдан ошмаган.

Teglar

Mavzuga oid