Халқаро адвокатлар Ўзбекистонда инвесторларга босим ўтказилаётганини иддао қилишмоқда
«Amsterdam & Partners LLP» Ўзбекистон Миллий банки билан низо фонида «SOLFY» директорининг ҳибсга олинишини қоралади ва халқаро арбитраж билан таҳдид қилди.

«Amsterdam & Partners LLP» юридик фирмаси Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Миллий банки («Ўзмиллийбанк») томонидан амалга оширилган ҳаракатларни «инсофсизлик» деб атади. Расмий баёнотга кўра, «SOLFY» ва Миллий банк ўртасида музокаралар давом этаётган бир пайтда, «SOLFY Uzbekistan» бош директори Ўктам Ҳасанов тун ярмида тўсатдан ҳибсга олинган. Халқаро адвокатларнинг фикрича, бу ҳибс инвестордан кўпроқ имтиёзлар олиш ва уни «гаровда ушлаб туриш» мақсадида ташкил этилган.
Фирма асосчиси Роберт Амстердам бундай ҳаракатларни Ўзбекистон Президенти илгари сураётган инвесторларни ҳимоя қилиш тамойилларига мутлақо зид, деб атади. Унинг таъкидлашича, давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш ва инсон ҳуқуқларини менсимаслик мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигига путур етказади ҳамда низоларни адолатли ҳал этиш тизимини шубҳа остига қўяди.
Халқаро арбитраж ва ҳуқуқий ҳимоя
Юристларнинг таъкидлашича, Ҳасановга қўйилаётган айбловлар асоссиз ва улар айнан Ўзмиллийбанк билан музокаралар авж палласига чиққанда пайдо бўлган. Бу вазият Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини халқаро майдонда «бизнес учун хавфли» қилиб кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда.
Шу сабабли, «SOLFY» ва унинг раҳбари Максим Полетаев ўз ҳуқуқларини барча ҳуқуқий воситалар, жумладан, халқаро арбитраж орқали ҳимоя қилиш ниятида эканини маълум қилди.
Томонлар ҳақида маълумот
«SOLFY» — Ўзбекистон молия бозорида фаолият юритувчи фоизсиз муддатли тўлов (рассрочка) карталарини тақдим этувчи финтех платформаси бўлиб, Ўзбекистон бозорида бир неча йилдан бери фаолият юритиб келади. Лойиҳа йирик банк ҳамкорлигига асосланган бўлиб, ҳозирда юзага келган зиддият компаниянинг мамлакатдаги келажакдаги фаолиятини сўроқ остида қолдирмоқда.
«Amsterdam & Partners LLP» эса инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ҳимояга ихтисослашган халқаро юридик фирма бўлиб, унинг штаб-квартиралари Лондон ва Вашингтонда жойлашган. Ушбу низонинг халқаро даражага чиқиши Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнига таъсир қилиши мумкин.





