Хитойда оиласи хорижда яшайдиган амалдорлар лавозими пасайтирилмоқда

19.02.2026 | 11:552 daqiqa

Коррупция хавфини камайтириш мақсадида фарзандлари хорижда яшаётган амалдорлар пастроқ лавозимларга ўтказилмоқда.

Хитойда оиласи хорижда яшайдиган амалдорлар лавозими пасайтирилмоқда

Хитой ҳукумати коррупцияга қарши кураш доирасида оила аъзолари хорижда истиқомат қиладиган амалдорлар устидан назоратни кескин кучайтирди. «South China Morning Post» маълумотига таяниб, бу ҳақда «RIA Novosti» хабар берди. Янги тартиб давлат идоралари ва йирик компаниялардаги юқори лавозимли раҳбарларни қамраб олган.

2025 йил бошидан буён кенг кўламли тафтишлар ўтказилмоқда. Илгари текширувлар асосан турмуш ўртоғи ва фарзандлари чет элда яшаётган амалдорларни аниқлашга қаратилган эди. Энди эса турмуш ўртоғи мамлакат ичида бўлиб, фарзандлари хорижда яшаётган хизматчилар ҳам доимий назоратга олинмоқда.

Манбаларга кўра, бундай шахслар ўзлари ҳақида мунтазам равишда энг сўнгги ва долзарб маълумотларни тақдим этиши шарт. Коммунистик партиядаги манба бу чоралар профилактик тусга эга эканини таъкидлаган.

Лавозими тушаётган амалдорлар

Кадрлар сиёсати доирасида партиянинг ташкилий бўлими айрим амалдорларни «камроқ аҳамиятга эга лавозимлар»га ўтказмоқда. Бу уларнинг жиноят содир этганини англатмайди, балки эҳтимолий коррупция хавфини камайтиришга қаратилган эҳтиёт чораси сифатида баҳоланмоқда.

Мазкур қарор Хитой раҳбари Си Жинпинг бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли антикоррупция кампаниясининг бир қисми ҳисобланади. Давлат идоралари, бизнес ва қуролли кучларни қамраб олган ушбу сиёсат доирасида президент коррупцияни мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилаётган «йўлбарс»га қиёслаб, порага қарши муросасиз кураш давом этишини билдирган. У коррупцияга алоқадор шахслар учун хавфсиз бошпана қолмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Садир Жапаров имзолаган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ давлат амалдорларига хорижий банкларда ҳисоб рақам очиш ҳамда уларга эгалик қилиш тақиқланган эди.

Teglar

Mavzuga oid