Хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 24 фоизга ошди — $13,9 млрд
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонга юборилган халқаро пул ўтказмалари ҳажми 24 фоизга кўпайиб, 13,9 млрд долларга етди. Бироқ сўнгги икки ойда ўтказмалар миқдори пасаймоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга юборилган халқаро пул ўтказмалари 13,9 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 млрд ёки 24 фоизга кўпдир. 2023 йил билан таққослаганда ўсиш 66 фоизни ёки 5,5 млрд долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, пул ўтказмалари ҳажми охирги икки ойда қисқариш тенденциясини кўрсатмоқда. Июл ойида мамлакат 1,97 млрд қабул қилган бўлса, августда бу кўрсаткич 1,9 млрдга, сентябрда эса 1,82 млрдга тушган. Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу ойларига нисбатан барибир юқори, аммо ўсиш суръати секинлашган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари миқдори 27 фоизга ошиб, 8,2 млрд долларга етган эди. Ўша даврда ўтказмалар ҳар ой ўсиб борган — январда 1,06 млрд бўлган бўлса, июн ойига келиб 1,78 млрд долларга етган.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан чет элга жўнатилган пул маблағлари миқдори 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида 1,9 млрд долларни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 127 млн долларга кам.
Энг катта маблағ Россиядан юборилган —6,4 млрд ёки умумий ўтказмаларнинг 78 фоизи. Қолган 1,8 млрд Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон ва Литвадан келган.
