Янги Ҳарбий прокурор илк бор мудофаа ва хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди
Янги тайинланган Ҳарбий прокурор Қаҳрамон Исроилов раислигида Қуролли кучлар вазирлик ва идораларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш ва киберхавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.
© Bosh prokuratura1-август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари — Ҳарбий прокурор Қаҳрамон Исроилов раислигида Қуролли кучлар вазирлик ва идораларининг мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда мудофаа вазири Шуҳрат Халмухамедов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Икрамов, Миллий гвардия қўмондони Баҳодир Ташматов, шунингдек, ИИВ Қоровул қўшинлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Қуролли кучлар тизимидаги ҳарбий округлар, қўшилмалар, ҳарбий қисмлар, муассасалар, доимий назорат-текширув органлари ҳамда ҳарбий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Қонунийлик ва коррупцияга қарши кураш муҳокама қилинди
Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида қўшинларда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Президент — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари муҳокама қилинди.
Киберхавфсизлик ва ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор қаратилди
Йиғилишда ҳарбий соҳани рақамлаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, уларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокамалар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қаҳрамон Исроилов яқинда Ҳарбий прокурор этиб тайинланган эди
Эслатиб ўтамиз, Президент фармони билан Қаҳрамон Исроилов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари — Ҳарбий прокурор лавозимига тайинланган эди.
У ушбу лавозимда 2025 йил май ойидан буён ишлаб келган Отабек Холбоев ўрнини эгаллади. Тайинловга қадар Қаҳрамон Исроилов Ҳарбий прокурорнинг биринчи ўринбосари, ундан аввал эса Навоий ҳарбий прокурори лавозимида фаолият юритган.





