«Янги Ўзбекистон» массивининг инфратузилмаси учун 1,4 трлн сўм ажратилмоқда
Инвестиция компаниялари 1-октабрдан бошлаб, кўп қаватли уйлар қуриш учун ерларни қурилишга рухсати, архитектура режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси билан бирга тайёр ҳолда аукционга чиқаради.
© Фото: ижтимоий тармоқларданБугун, 14-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида аҳолини уй-жойга бўлган талабини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда 56 та «Янги Ўзбекистон» массивининг инфратузилмаси учун 4 триллион 100 миллиард сўм маблағ берилди. Жорий йил ушбу мақсадларга яна 1 триллион 400 миллиард сўм ажратилмоқда. Лекин 2025-йилда Тошкент вилоятида 2,1 мингта, Самарқандда 1,5 мингта, Фарғонада 1,3 мингта, Тошкент шаҳрида 1 мингта, Жиззахда 380 та хонадон фойдаланишга топширилмаган. Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар бу йил «Янги Ўзбекистон» массивларида 34 минг хонадонни қуриб битказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Қурилиши давом этаётган массивни кенгайтиришга ўша ҳудуддаги 85 фоиз квартирани эгасига топширганидан кейингина рухсат берилиши белгиланди.
Пойтахт ва Самарқанд тажрибалари асосида инвестиция компаниялари ташкил қилинди. Бу компаниялар 1-октабрдан бошлаб, кўп қаватли уйлар қуриш учун ерларни қурилишга рухсати, архитектура режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси билан бирга тайёр ҳолда аукционга чиқаради.
Реновация
Умуман, бу йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни топшириш зарурлиги қайд этилди. Бунда реновацияга алоҳида эътибор қаратиш муҳим экани таъкидланди. Чунки шаҳар ва шаҳарчалар энига кенгайиб борса, инфратузилмага харажат 4-5 карра ошади, мактаб, боғча, поликлиникага масофаси узаяди, минглаб гектар экин ери қисқаради.
Масалан, Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудуди, Каттақўрғон шаҳри, Оқтош, Иштихон, Булунғур, Жума, Жомбой каби шаҳарчаларда “барак” типидаги уйлар кўп. Шу боис, эскирган уйлар ўрнида реновация асосида кўп қаватли уйлар қуриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, бу йил реновация зоналарида камида 30 минг квартирали кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш муҳимлиги қайд этилди.
Тошкентда биринчи креатив парк
Феврал ойида Президент Мирзиёев креатив иқтисодиёт учун солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзларни назарда тутувчи алоҳида қарорни имзолади. Мутасаддиларга мазкур йўналишда архитектор, лойиҳачи ва урбанистика соҳаси учун биринчи креатив паркни Тошкент шаҳрида ташкил қилиш топширилди. Бундай креатив паркларни ҳудудларда ҳам барпо этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Тошкентда янги ўқув йилидан урбанизация, кадастр ва геодезия соҳасида кадрлар тайёрлайдиган, ўзини ўзи молиялаштирувчи олийгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда ўрта бўғин кадрлари учун техникум ҳам бўлади.
Йиғилишда Президент соҳа ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади. Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди.





