Янги Тошкент иссиқлик тармоғи Жанубий Корея компанияси томонидан қурилади

08.08.2025 | 08:003 daqiqa

K-Heating лойиҳаси доирасида Янги Тошкент ва бошқа шаҳарлар замонавий, экологик тоза иситиш технологиялари билан таъминланади.

Янги Тошкент иссиқлик тармоғи Жанубий Корея компанияси томонидан қурилади
Жанубий Кореянинг Korea District Heating Corporation (KDHC) компанияси Ўзбекистонда янги иситиш технологияларини жорий этишни режалаштирмоқда. Компаниянинг режаларига кўра, K-Heating ташаббуси асосида Янги Тошкент ва бошқа шаҳарларда замонавий иситиш инфратузилмаси яратилади. KDHC бош директори Чон Ён-Ки жорий ҳафтанинг бошида Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчиси Алишер Абдусаломов билан учрашиб, ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. «Биз Янги Тошкентда экологик тоза K-Heating тизимини муваффақиятли ишга тушириш учун Кореянинг тажрибаси ва технологиялари билан ўртоқлашишга тайёрмиз»,  — деди Чон Ён-Ки. Компания бу йўналишда аллақачон махсус ишчи гуруҳ тузган. Гуруҳ маҳаллий операторларга иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, инфратузилмани режалаштириш ва маслаҳат бериш билан шуғулланади. Шунингдек, K-Heating Learning Program доирасида ўзбекистонлик мутахассисларни ўқитишга мўлжалланган махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. «Ўзбекистоннинг энергетика бозори жиддий ўзгаришлар жараёнидан ўтмоқда. Бу жараён соҳани кўпроқ хусусий сармоялар учун очишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли юзага келмоқда. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2030 йилга келиб Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб икки баробарга ошиб, 120 млрд kWhдан ҳам юқори кўрсаткичга етиши кутиляпти», дейилади The Korea Times хабарида. Нашрнинг таъкидлашича, K-Heating лойиҳаси KDHC’нинг «Шимолий бизнес стратегияси» доирасига киради. Бу стратегия Марказий Осиё ва Мўғулистон бозорларига йўналтирилган.

Teglar

Mavzuga oid