Logo

Янги Тошкент ва ТТЗгача бўлган метро линиялари қурилиш муддатлари ҳақида маълумот берилди

Транспорт вазирлиги эълон қилган қарор лойиҳасига кўра, пойтахтда «Технопарк — Янги Тошкент» ва «Пушкин — ТТЗ» йўналишлари бўйича янги метро тармоқлари қурилиши мумкин. Ҳужжат эълон қилинганидан кўп ўтмай муҳокама порталидаги саҳифадан олиб ташланди.

Янги Тошкент ва ТТЗгача бўлган метро линиялари қурилиш муддатлари ҳақида маълумот берилди

Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида иккита янги метро йўналишини қуришни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Бироқ ҳужжат қисқа вақтдан сўнг муҳокама платформасидан олиб ташланди.

Қарор лойиҳасига кўра, янги йўналишлар «Пушкин — ТТЗ» ҳамда «Технопарк — Янги Тошкент» бўйича ташкил этилади.

ТТЗ томонга йўналтирилган тармоқнинг узунлиги 11 километрни ташкил этиши режалаштирилган бўлиб, унда 10 та бекат ва битта депо қурилиши кўзда тутилган. Янги Тошкентгача бўлган йўналиш эса 21 километр узунликка эга бўлиб, 9 та станцияни қамраб олади.

Лойиҳани амалга ошириш Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси зиммасига юклатилиши таклиф этилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, қурилиш ишлари fast-track усулида амалга оширилади. Бу лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини харид қилиш ва монтаж ишларини бир вақтнинг ўзида олиб бориш имконини беради.

Қурилиш ишлари Европа Иттифоқида қабул қилинган шаҳарсозлик стандартларига мувофиқ олиб борилиши белгиланган. Лойиҳанинг Янги Тошкентгача бўлган биринчи босқичини 2026 йил якунига қадар ишга тушириш, тўлиқ транспорт тизимини эса 2028 йил кузида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Лойиҳа амалга оширилаётган даврда транспорт ҳаракати учун муқобил йўналишлар ташкил этилади, жамоат транспорти ҳаракати эса узлуксиз таъминланади.

Шунингдек, ТТЗ автостанциясини бошқа ҳудудга кўчириш режалаштирилмоқда. Унинг маъмурий биноси лойиҳани мувофиқлаштирувчи ташкилотлар балансига ўтказилади. Айрим автобус йўналишлари Қадрдон ва Гулсанам кўчалари кесишмасига, бошқалари эса Буюк ипак йўли кўчасидаги собиқ автовокзал ҳудудига йўналтирилади. ТТЗга қатнайдиган шаҳар атрофи автобуслари Қибрай автостанциясига кўчирилиши мумкин.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари бир ой ичида метро қурилиши режалаштирилган ҳудудларга тушадиган ер участкалари, бинолар ва дарахтларни хатловдан ўтказади. Шунингдек, ноқонуний эгалланган ерларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўшатиш чоралари кўрилади.

Ҳужжатда мулки олиб қўйиладиган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига компенсация тўлаш механизмини уч ой муддатда ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Лойиҳани амалга ошириш учун айрим қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа тоифага ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, қурилиш ҳудудидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари хатловдан ўтказилади. Уларни кўчириш билан боғлиқ харажатлар асосан баланс сақловчилар ҳисобидан қопланади, айрим харажатлар эса 2027 йилги республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.

 

Teglar

Mavzuga oid