Япония энергия инқирози сабаб кўмир станцияларини қайта ишга туширмоқда
Япония Яқин Шарқдаги уруш ортидан келиб чиққан энергия инқирозига жавоб сифатида кўмир электр станцияларидан фойдаланишни оширишга қарор қилди.

Япония ҳукумати энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида кўмирда ишловчи электр станцияларидан фойдаланишни кенгайтиришга қарор қилди. Янги қарорга кўра, илгари самарадорлиги паст деб чекланган айрим станциялар ҳам 2026 молиявий йилдан бошлаб электр таъминоти бозорида иштирок этиши мумкин бўлади.
Бу ўзгариш Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик ва энергия таъминотидаги узилишлар фонида қабул қилинди.
Хусусан, Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ва Қатардаги йирик суюлтирилган газ заводининг тўхташи Осиё давлатларини жиддий хавф остида қолдирди. Япония каби мамлакатлар энергия импортида ушбу ҳудудга юқори даражада боғлиқ ҳисобланади.
Бош вазир Санаэ Такаичининг маълум қилишича, кўмир станцияларини фаоллаштириш ва атом энергетикасини тиклаш орқали мамлакат аввал Ҳўрмуз орқали келган суюлтирилган газнинг тахминан 40 фоизини қоплай олади. Бу эса энергия таъминотидаги босимни қисман енгиллаштиради.
Шу билан бирга, Япония табиий газ импорти камайиши хавфига қарши захираларни мунтазам назорат қилишни кучайтирмоқда. Зарур ҳолларда ҳукумат хусусий компаниялар ўртасида газ тақсимотини мувофиқлаштириши мумкин.
Мазкур қарор мамлакатнинг экологик сиёсатидан вақтинча чекиниш сифатида баҳоланмоқда. Чунки Япония илгари ифлослантирувчи ва самарасиз кўмир станцияларини босқичма-босқич қисқартиришни режалаштирган эди.
Шунга қарамай, сўнгги маълумотларга кўра, Япония 2024 йилда иссиқхона газлари чиқиндиларини 2,8 фоизга камайтиришга эришган. Электр энергетикаси соҳасида эса 2005 йилдан буён чиқиндилар 8 фоизга қисқарган. Аммо экспертлар мамлакатнинг 2050 йилгача “ноль чиқинди” мақсадига эришиш учун ҳозирги суръат етарли эмаслигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миср ҳукумати мамлакатда газ танқислиги сабаб электр энергиясини тежаш мақсадида тижорат объектлари учун 21:00 гача ишлаш тартибини жорий қилганди.





