Еридан ажралган фермерлар жарима хавфи остида қолмоқда
Ер майдони қайтариб олинганидан кейин кўплаб фермер хўжаликлари юридик жиҳатдан тугатилмагани сабабли, уларга солиқ ҳисоботлари топширилмаган деб баҳоланиб, автоматик жарималар ҳисобланмоқда.

Савдо-санаот палатасида тадбиркорлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда фермерлар билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар кўтарилди. Амалда фермер хўжаликларининг ер участкалари қайтариб олинганда, аксарият мулкдорлар хўжалик ҳам автоматик тарзда тугатилади деб ҳисоблайди. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, ердан ажратилиш юридик шахснинг фаолияти автоматик якунланишини англатмайди.
Юридик шахсни тугатиш алоҳида тартиб асосида амалга оширилади ва бу жараён муайян муддат талаб қилади. Агар фермер хўжалиги давлат рўйхатидан чиқарилмаса, у расман фаол субъект сифатида сақланиб қолади.
Натижада эса солиқ органлари томонидан ҳисобот топширилмаган деб баҳоланиб, фермер хўжаликларига автоматик равишда жарималар қўлланилмоқда. Айрим ҳолатларда эса фермерлар бу жарималар ҳақида фақат қарздорлик юзага келгандан кейин хабар топмоқда.
Муаммони ҳал этиш учун билдирилган таклифлар
Ер майдони қайтариб олинган фермер хўжаликларини автоматик равишда хабардор қилиш;
Уларни ихтиёрий тугатиш ёки қайта ташкил этиш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этиш;
Ер участкаси қайтариб олинган санадан кейин амалда фаолият юритмаган фермер хўжаликларига нисбатан қўлланилган жарималарни қайта кўриб чиқиш тартибини белгилаш.





