Евроиттифоқ россияликларнинг Visa ва Mastercard карталарига уланишини ёпди

26.10.2025 | 12:442 daqiqa

Европа Иттифоқи санкцияларнинг 19-пакети доирасида Россия фуқаролари фойдаланиб келган Visa ва Mastercard карталари орқали тўлов тизимини чеклади.

Евроиттифоқ россияликларнинг Visa ва Mastercard карталарига уланишини ёпди

Европа Иттифоқи Россия фуқароларига чет эл орқали Visa ва Mastercard карталарини олиш имконини берган схемани ёпишга қарор қилди, деб хабар қилмоқда халқаро ОАВлар.

Маълумотларга кўра, Евроиттифоқ томонидан тасдиқланган санкцияларнинг 19-пакети доирасида Беларусдаги Россиянинг энг йирик хусусий банки — «Алфа-банк» филиали «қора рўйхат»ка киритилди. Унга нисбатан блокловчи чоралар қўлланилиб, активлар тўлиқ музлатилди ва ҳар қандай операциялар тақиқланди.

Шунингдек, Беларусдаги Сбербанк ва ВТБ филиаллари, шунингдек ВТБнинг Қозоғистон ва Хитойдаги бўлимлари ҳам санкцияга учради. Ушбу чекловлар 2 декабрдан кучга киради.

Беларус «Алфа-банк» карталари Россия фуқаролари орасида жуда оммалашган эди — 2022 йилда Visa ва Mastercard Россиядан чиқиб кетганидан кейин россияликлар айнан Минск орқали ушбу карталарни олишда давом этган.

Банк вакилининг Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳуқуқшунослар вазиятни ўрганмоқда, аммо ҳозирча барча карталар одатдаги тартибда ишламоқда. Агар ўзгариш бўлса, мижозларга расман хабар берилади.

Янги санкциялар тўплами доирасида ЕИ баъзи Россия банклари билан операцияларни, шунингдек стейблкоин А7А5 билан битимларни тақиқлади. Шу билан бирга, Россиянинг «Мир» тўлов тизими ва Миллий тўлов тизимининг Тезкор тўловлар хизмати орқали операциялар ҳам чекланди.

Евроиттифоқ санкциялари рўйхатига Тожикистон ва Қирғизистондаги айрим банклар, Беларуснинг БелВЭБ ва Белгазпромбанклари ҳам киритилди. Шунингдек, Россиянинг йирик компаниялари — «Полюс», «Автоваз», «Евраз» ва транспорт холдинги Fesco ҳам санкциялар доирасига тушди.

Teglar

Mavzuga oid