Европа нефт гигантлари инқироз ортидан миллиардлаб даромад кўрди
Эрон атрофидаги кескинлик ва нефт бозоридаги беқарорлик Европа нефт компанияларига миллиардлаб доллар қўшимча даромад келтирди.
© Foto: Cresco CapitalЯқин Шарқдаги кескинлик ва Эрон атрофида юзага келган хавфли вазият Европа нефть компаниялари учун миллиардлаб долларлик қўшимча даромад манбаига айланди. «Financial Times» хабарига кўра, “Shell”, “BP” ва “TotalEnergies” каби компаниялар нефт нархларининг кескин тебраниши ҳамда логистика занжирларидаги издан чиқишлар орқали катта фойда кўрган.
Нашрнинг ёзишича, асосий фойда нефт савдоси билан шуғулланувчи трейдинг бўлинмалари орқали олинган. Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракати чекланиши ортидан глобал нефт таъминотида хавотир кучайиб, нархлар кескин ошган. Бу эса компанияларга етказиб бериш йўналишларини ўзгартириш ва турли бозорлардаги нарх тафовутидан даромад олиш имконини берган.
Инқироз даврида Brent маркали нефт нархи бир баррель учун 144 доллардан ошиб кетган. Натижада халқаро трейдерлар учун қисқа муддатли операциялар ва муқобил логистика орқали юқори маржа билан ишлаш имконияти пайдо бўлган.
Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, энг катта қўшимча даромадни “BP” олган бўлиши мумкин.
Компаниянинг савдо бўлинмаси тахминан 1,75 миллиард доллар ишлаб топгани айтилмоқда. “Shell” қарийб 1,6 миллиард доллар, “TotalEnergies” эса 800 миллион доллар атрофида фойда кўрган. Европа компанияларининг кучли трейдинг тизими уларга АҚШнинг “ExxonMobil” ва “Chevron” каби асосан нефт қазиб олишга таянувчи корпорацияларига нисбатан устунлик берган. Бозордаги кескин ўзгаришлардан тез фойдаланиш қобилияти Европа гигантларининг асосий афзаллиги сифатида баҳоланмоқда.





