Йирик миқдорда солиқ қарздорлигига эга бўлган компаниялар номи маълум қилинди
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори бўлган қурилиш корхоналарининг сони 1 880 тани ташкил этмоқда.

2026 йил 1 март ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган қурилиш корхоналари сони 1880 тага етди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 100 миллион сўмдан ортиқ қарздорликка эга бўлган 1880 та компаниянинг умумий қарздорлиги 3,2 триллион сўмни ташкил этмоқда. Жами қарзнинг деярли ярми, яъни 1,4 триллион сўми (44,8 фоизи) атиги 10 та йирик корхона зиммасидадир.
Ҳудудий тақсимланишда Тошкент шаҳри молиявий қарздорлик бўйича биринчи ўринда турибди. Пойтахтдаги корхоналарнинг солиқ қарзи 1,1 триллион сўмга баҳоланмоқда. Кучли учликдан Андижон вилояти 685,6 миллиард сўм ҳамда Тошкент вилояти 172,1 миллиард сўмлик кўрсаткич билан жой олган. Навоий ва Жиззах вилоятларида ҳам қарздорлик миқдори юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Энг йирик солиқ қарзига эга корхоналар «Топ-10» рўйхати:
«Nеw Building Trade Servis» МЧЖ — 360,6 миллиард сўм;
«Ko'prikqurilish» АЖ — 291,2 миллиард сўм;
«Doni Big Group» МЧЖ — 218,6 миллиард сўм;
«Azia Invest Favorit» МЧЖ — 135,5 миллиард сўм;
«Tash Building» МЧЖ — 117,4 миллиард сўм;
«Tash Constructions House» МЧЖ — 100,8 миллиард сўм;
«Yorqin Sadaf Fasli» МЧЖ — 95,3 миллиард сўм;
«Ta'mirlash Qurish Servis» МЧЖ — 71 миллиард сўм;
«Agro Asia Trade Servis» МЧЖ — 38,5 миллиард сўм;
«Grand Road Tashkent» МЧЖ ҚК — 37,1 миллиард сўм.





