Зангиотадаги газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш сабаблари очиқланди
Портлаш оқибатида уч нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатларини олган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
© ijtimoiy tarmoqlarЗангиота туманида 16-июл куни кечаси автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган портлаш бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизматига кўра, ҳодисага хавфсизлик талабларининг қўпол равишда бузилиши сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, мазкур АГТШга фақат автомобилларга газ тўлдиришга рухсат берилган. Бироқ шохобчада қоидаларга зид равишда маиший газ баллонларига ҳам газ қуйилган. Ҳодиса вақтида «Лабо» русумли автомобилда олиб келинган 100 литрли маиший газ баллонлари қўлбола тайёрланган ўтиш мосламаси орқали тўлдирилаётган бўлган.
Учинчи баллонга газ қуйиш жараёнида шланг уланган жойидан ажралиб кетган ва чақнаш содир бўлган. Бу эса газ баллонларининг кетма-кет портлашига олиб келган. Натижада иккита газ баллони портлаган, яна тўрттаси ёнган.
Портлаш оқибатида уч нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Улардан бирининг танасининг 80 фоизи куйган бўлиб, аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Қолган икки нафар жабрланувчи эса ўрта оғир ҳолатда.
Айни пайтда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва судга оид комплекс экспертиза тайинланган.
Қўмита огоҳлантирди
Қўмита барча автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари раҳбарларига маиший газ баллонларини тўлдириш қатъиян тақиқланганини яна бир бор эслатди.
Шунингдек, фуқароларга маиший газ баллонларини фақат ваколатли ташкилотлар орқали, белгиланган хавфсизлик талабларига мувофиқ тўлдириш зарурлиги таъкидланди.





