
15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик АҚШга саёҳат қилди
АҚШга саёҳатлар сони ўтган йилга нисбатан 1,2 минг нафарга ошди, сафарларнинг аксар қисми туристик ва қариндошларни йўқлаш мақсадида амалга оширилган.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистондан АҚШга туристик мақсадларда жами 15 259 нафар фуқаро сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 минг нафарга кўп бўлиб, ташқи туристик ҳаракатларда барқарор ўсиш сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Расмий маълумотларга кўра, АҚШга амалга оширилган сафарларда энг катта улуш анъанавий равишда саёҳат мақсади ҳиссасига тўғри келган. Туризм йўналишидаги сафарлар умумий оқимнинг асосий қисмини ташкил этиб, фуқароларнинг дам олиш ва мамлакат билан танишишга бўлган қизиқиши юқори эканини акс эттирмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, сафар мақсадлари бўйича ақсимот қуйидагича:
Саёҳат — 10 841 нафар;
Қариндошларни йўқлаш — 3 750 нафар;
Ўқиш — 333 нафар;
Хизмат юзасидан — 307 нафар;
Даволаниш — 28 нафар.
Тақдим этилган маълумотлар шуни кўрсатадики, 2025 йилда АҚШ Ўзбекистон фуқаролари учун асосан туристик йўналиш сифатида қолмоқда. Бироқ таълим ва хизмат сафари мақсадидаги ташрифлар ҳам мавжуд бўлиб, улар икки мамлакат ўртасидаги алоқалар хилма-хиллигини намоён этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида жами 17 минг 900 та корхона фаолият юритаётган бўлса, шундан АҚШ капитали иштирокида корхоналар 336 тани ташкил қилади.





