
2025 йилда 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик хорижга кўчиб кетди
Ўтган йил давомида Ўзбекистондан хорижий давлатларга доимий яшаш учун кетганлар сони мамлакатга кўчиб келганлар сонидан қарийб 10 баробар кўп бўлди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил давомида хорижий давлатларга кўчиб кетган фуқаролар сони 10 117 кишини ташкил этди. Шу билан бирга, хориждан республикага кўчиб келганлар сони 1 159 нафар бўлиб, ташқи миграция бўйича кетиш кўрсаткичи келганлардан анча юқори бўлган.
Кўчиб келганлар ва кетганлар умумий кўрсаткичи
2025 йилда республика бўйича жами 252 792 киши кўчиб келган. Уларнинг 251 633 нафари мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан, 1 159 нафари эса хорижий давлатлардан келган. Шу даврда жами 261 750 киши яшаш жойини ўзгартирган бўлиб, шундан 251 633 нафари ички миграция, 10 117 нафари эса ташқи миграция ҳиссасига тўғри келган.
Ташқи миграцияда етакчи ҳудудлар
Хорижга кўчиб кетганлар сони бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Навоий вилояти етакчи ҳудудлар сифатида қайд этилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида 1 435 нафар фуқаро хорижга кўчиб кетган бўлса, Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 2 482 нафарни, Навоий вилоятида эса 1 910 нафарни ташкил этган. Қорақалпоғистон Республикасида ташқи миграция кўрсаткичи нисбатан юқори бўлиб, 3 532 нафар аҳоли хорижга кўчиб кетган.
Ички миграция
Ички миграцияда энг катта оқим Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, 89 588 нафар фуқаро пойтахтга кўчиб келган. Шу билан бирга, 68 847 нафар аҳоли Тошкент шаҳрини тарк этган. Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳам ички кўчиш кўрсаткичлари юқори даражада сақланиб қолган.
Йиллар кесимида миграция динамикаси
Сўнгги йиллар таҳлилига кўра, ташқи миграция кўрсаткичлари барқарор эмас. 2021 йилда хорижга кўчиб кетганлар сони 20 140 нафар бўлган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8 790 нафарга тушган. 2023 йилда яна ўсиш кузатилиб, 17 336 нафарни ташкил этган. 2024 ва 2025 йилларда эса хорижга кетганлар сони мос равишда 10 842 ва 10 117 нафарни ташкил қилди.
Маълумот ўрнида, 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 38 млн 236,7 минг кишини ташкил этди.





