add

2026 йилдан 1 январдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Bugun 12:353 daqiqa

Келгуси йил 1 январдан бизнес, солиқ, таълим, тиббиёт, визасиз режим ва давлат хизматларига оид қатор янги тартиблар кучга киради.

2026 йилдан 1 январдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда қатор қонунчилик ва маъмурий ўзгаришлар амалга киритилади. Ушбу янгиликлар тадбиркорлик муҳитини енгиллаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш, хотин-қизлар бизнесини қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқаролар ҳаётини яхшилашга қаратилган.

2026 йил 1 январдан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили жорий этилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

электрон рақамли имзо калитини бериш;

банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;

айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;

кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;

ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;

онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;

юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни ЯММТ ИДАКда ҳисобга қўйиш.

Қонунчиликка кўра, шунингдек, «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси жорий этилади. Ғолибларни аниқлашда қуйидаги мезонлар инобатга олинади:

ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони;

ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори;

ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони;

ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони ва улар томонидан тўланган солиқлар миқдори;

маҳалла фуқаролари томонидан мол-мулк ва ер солиқларининг тўланганлик даражаси.

1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади. Тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда, ушбу маълумотлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда, бепул киритилади.

Шу жумладан, «HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида қўшимча молиявий инструментлар жорий этилади:

таъсисчилари таркибида аёллар улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ёки раҳбари аёл бўлган тадбиркорлик субъектларига БҲМнинг 25 минг бараваригача кредит ажратилади;

тижорат банклари кредитларининг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат тақдим этилади.

«Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали ойига БҲМга нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Тошкент шаҳрида – 30 фоиз;

вилоятлар марказларида – 25 фоиз;

республиканинг қолган туман ва шаҳарларида – 15 фоиз;

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг қолган туман ва шаҳарларида – 10 фоиз.

Келгуси йил 1 январдан АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунлик визасиз режим жорий этилади.

Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишга қаратилган «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури ишга туширилади. У давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланишни таъминлаш ҳамда ортиқча тартиб-таомилларни қисқартиришни мақсад қилади.

Мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига KPI натижаларига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Бундан ташқари, 1 январдан камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига бакалавриат контракт тўловининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилади.

2026 йилда ёшларнинг сунъий интеллект технологияларига қизиқишини янада ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап» (President AI Award) танлови ўтказилади.

Шунингдек, янги даволаш усулларини жорий этган туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари шифокорларига БҲМнинг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Қурилиш материаллари соҳасида фаолият олиб бораётган ёш олимлар учун хорижий илмий стажировка танлови эълон қилинади. Шунингдек, 2026–2028 йиллар учун умумий молиялаштириш ҳажми 30 млрд сўмлик илмий лойиҳалар танловлари ўтказилади.

1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали проактив тарзда, фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади ва тўланади.

Teglar

Mavzuga oid