2027 йилдан сув солиғи ҳудудга қараб ҳисобланади

Kecha 17:202 daqiqa

2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ва субсидиялар миқдори суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик даражасига қараб белгиланади.

2027 йилдан сув солиғи ҳудудга қараб ҳисобланади

2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ҳамда субсидиялар миқдори суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бу ҳақда 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ–47-сон қарорда белгиланди.

Янги тартибга кўра, агар суғориладиган ер майдони сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган бўлса ва фермер томонидан сув тежовчи технологиялар жорий этилса, ажратиладиган субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент билан ҳисобланади.

Аксинча, агар ер майдони сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган бўлиб, сув тежовчи технологиялар жорий этилмаса, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баробар оширилган миқдорда қўлланилади.

Ҳар йили 1 апрелга қадар Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда вегетация даври учун сув манбаларининг таъминланганлик даражасини таҳлил қилади. Шу асосда сув билан барқарор таъминланган ва таъминланмаган ҳудудларда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари рўйхати шакллантирилиб, Халқ депутатлари туман кенгашларига тасдиқ учун киритилади.

Қарорга мувофиқ, 2027 йилдан бошлаб шоли етиштириладиган майдонларнинг сув кириш қисмига ҳамда балиқчилик хўжаликларида сув кириш ва чиқиш нуқталарига тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши шарт бўлади. Агар ушбу қурилмалар ўрнатилмаса, сув солиғи икки баробар оширилган тартибда ҳисобланади.

Мазкур механизм Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан кейин амалиётга жорий этилади.

Teglar

Mavzuga oid