
3 ёшга тўлмаган боласи бор оналарга иш вақти қисқартирилади
Бюджет ташкилотларда ишлайдиган 3 ёшга тўлмаган боласи бор оналар учун ҳафталик иш вақти 35 соатгача қисқартирилади.

Меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибларга мувофиқ, 3 ёшга тўлмаган боласи бор бюджет ташкилот ходимлари учун меҳнат кафолатлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, боласи 3 ёшга тўлмаган ота-оналардан бири ёки васий ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган иш вақтида ишлаши мумкин. Энг муҳим жиҳати, бунда иш ҳақи тўлиқ иш вақтидаги миқдорда сақланиб қолади.
Мазкур қоида давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритувчи ташкилотларда ишлайдиган ходимларга татбиқ этилади. Қисқартирилган иш вақти жорий қилиниши болали оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат ва оилавий мажбуриятларни уйғунлаштиришга қаратилган.
Қонунчиликда ҳомиладор аёллар учун ҳам қўшимча меҳнат кафолатлари назарда тутилган. Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, шунингдек 14 ёшга тўлмаган боласи бор ота-оналардан бирининг илтимосига кўра, тиббий хулоса асосида тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт ҳисобланади. Бу талабни бажармаслик меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади.
Шунингдек, 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига ойига қўшимча бир дам олиш куни берилиши белгиланган. Ушбу қўшимча дам олиш куни учун давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.
Ушбу меҳнат кафолатлари аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади ҳамда ишчи кучининг барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, бюджет соҳасида кадрлар оқимини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.





