7 ҳудудда «Касблар шаҳарчалари» ташкил этилади
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда стипендия тўлаш амалиётини йўлга қўйилади.

Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–22-сон Фармонига мувофиқ, «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили доирасида кенг қамровли ислоҳотлар бошланади. Ҳужжат «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурини ҳам ўз ичига олади.
Фармонга кўра, маҳаллаларда 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилади. Бу орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Ташаббус аҳоли бандлигини ошириш ва даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган.
Қайси соҳалар учун маблағ ажратилади?
Шунингдек, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 20 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Маблағлар муҳандислик тармоқлари, йўллар ва ижтимоий объектларни янгилашга сарфланиб, ҳудудларга «Янги Ўзбекистон» қиёфасини олиб кириш мақсад қилинган.
Касб-ҳунар таълими йўналишида ҳам муҳим янгиликлар жорий этилади. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 7 та ҳудудда илғор касбий маҳорат техникумлари негизида «Касблар шаҳарчалари» ташкил этилади. Ушбу марказлар орқали мактаб ўқувчилари замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтирилади.
Бундан ташқари, техникумларда стипендия тўлаш амалиёти йўлга қўйилади. Ҳудудларда 24 та малакани баҳолаш маркази ташкил этилиб, меҳнат бозорида тан олинадиган сертификатлар бериш тизими жорий этилади. Бу чоралар кадрлар сифатини ошириш ва иш берувчилар талабига мос мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.





