Logo

Шуҳрат Холмуҳамедов ишдан кетди: янги мудофаа вазири тайинланди

Шуҳрат Холмуҳамедов Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Ботир Қудратхўжаев эгаллади.

Шуҳрат Холмуҳамедов ишдан кетди: янги мудофаа вазири тайинланди © Kollaj

Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонлари билан Ботир Бахромович Қудратхўжаев мудофаа вазири лавозимига тайинланди. Унинг номзоди бундан аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

Шуҳрат Ғайратжонович Холмуҳамедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан мудофаа вазири лавозимидан озод этилди.

Ботир Қудратхўжаев аввал қаерларда ишлаган?

Ботир Қудратхўжаевнинг меҳнат фаолияти асосан прокуратура органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими билан боғлиқ.

У 2014–2016 йилларда Сурхондарё вилояти прокурори вазифасини бажарувчи, кейинчалик вилоят прокурори бўлиб ишлаган. 2016–2017 йилларда Тошкент шаҳри прокурори лавозимида фаолият юритган.

2017 йил июнидан 2020 йил октябригача Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига раҳбарлик қилган. 2020 йилда Хоразм вилояти прокурори этиб тайинланган.

2022 йил ноябрида эса Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари — Ҳарбий прокурор лавозимига ўтган.

2025 йил 25 февралда Қудратхўжаев Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган. Ушбу лавозимга тайинланиши муносабати билан унга генерал-майор ҳарбий унвони ҳам берилган.

2026 йил январь ойида у ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи этиб тайинланган эди.

Шуҳрат Холмуҳамедов қачон вазир бўлган?

Шуҳрат Холмуҳамедов 2024 йил 24 ноябрда Ўзбекистон мудофаа вазири этиб тайинланган эди. У бунга қадар 2021 йил март ойидан Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи — мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Унинг аввалги лавозимлари орасида мудофаа вазири ўринбосари, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари ва фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари лавозимлари ҳам бор. 2021 йилда унга генерал-майор ҳарбий унвони берилган.

Teglar

Mavzuga oid