Logo

Ўзбекистоннинг янги мудофаа вазири, Сирдарёнинг янги ҳокими ва арзонлашган маҳаллий рейслар — 12 октябр дайжести

Kecha 22:383 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистоннинг янги мудофаа вазири, Сирдарёнинг янги ҳокими ва арзонлашган маҳаллий рейслар — 12 октябр дайжести

Ички авиақатновлар учун чипталар нархи 20 фоизгача арзонлашади

Ўзбекистонда 16 октябрдан бошлаб ички авиақатновлар учун чипталар нархи 20 фоизгача пасайтирилади. Мазкур ўзгариш Рақобат қўмитаси ва «Uzbekistan Airways» компанияси ҳамкорлигида, президент топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Қўмита томонидан авиация бозоридаги ташиш харажатлари таҳлил қилиниб, уларни оптималлаштириш ҳисобига нархларни тушириш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар юқори турувчи органлар томонидан маъқулланди.

Бундай қарордан кўзланган асосий мақсад — аҳоли учун ички йўналишлардаги авиақатновларни янада қулай ва ҳамёнбоп кўринишга келтиришдир. Чипталар нархининг арзонлашиши мамлакатда ички туризмни ривожлантиришга, шунингдек, фуқароларнинг хизмат сафарлари ҳамда шахсий ташрифлари билан боғлиқ харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Президент Янги Тошкентга қанча инвестиция киритилганини маълум қилди

12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилиши юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан ўтказган мулоқотида лойиҳага шу вақтгача 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилганини маълум қилди. Умумий майдони 20 минг гектар бўлган ҳудуднинг биринчи босқичида 50 миллиард долларлик қурилишлар режалаштирилган бўлиб, сўнгги икки йил ичида ернинг бир гектар қиймати 10 миллиард сўмдан 19 миллиард сўмгача ошгани қайд этилди. Бироқ, асосий ишлар давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётгани, бюрократик тўсиқлар ва эскича талаблар сабабли хусусий секторнинг қурилишларга жалб қилиниш суръати пастлиги ҳамда инвесторлар лойиҳалари кечикаётгани танқид остига олинди.

Давлат раҳбари Янги Тошкент фақатгина турар жой ҳудуди эмас, балки йирик бизнес, таълим, тиббиёт ва туризм марказига айланиши кераклигини таъкидлади. Жорий йил охиригача 20 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, 70 минг кишилик янги яшаш муҳити яратилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, шаҳарда келаси йили ёшлар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилувчи 55 минг ўринли стадион барпо этилмоқда ҳамда вазирлик ва идораларнинг ушбу ҳудудга кўчишини жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Fitch «Anorbank» рейтингини яна пасайтирди

Халқаро рейтинг агентлиги «Fitch Ratings» банкнинг асосий акциядори Қаҳрамонжон Олимовга нисбатан Интерпол томонидан «қизил ёрлиқ» эълон қилинганини сабаб қилиб, «Anorbank»нинг узоқ муддатли рейтингини «CCC+» дан «CCC» га туширди. Агентлик фикрича, мазкур ҳолат банкнинг тўлов қобилияти ва капиталлаштириш режасига хавф туғдиради. Бу агентлик томонидан сентябрь ойидан буён банк рейтингининг иккинчи бор пасайтирилишидир.

Ҳолат юзасидан Марказий банк муносабат билдириб, акциядорга оид масалалар «Anorbank»нинг кундалик фаолиятига таъсир қилмаётганини, барча омонат, кредит ва тўлов операциялари узлуксиз бажарилаётганини ҳамда банкнинг молиявий кўрсаткичлари белгиланган талабларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлади. Шу билан бирга, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида банк томонидан 100 миллиард сўмлик қўшимча акциялар чиқарилиши маъқулланди ва Қ.Олимов кузатув кенгаши таркибидан чиқиш бўйича ариза берди.

Шуҳрат Холмуҳамедов ишдан кетди: янги мудофаа вазири тайинланди

Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони билан Ботир Қудратхўжаев мамлакатнинг янги мудофаа вазири этиб тайинланди. Мазкур лавозимда 2024 йилнинг ноябридан буён фаолият юритиб келган Шуҳрат Холмуҳамедов эса бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди.
Янги мудофаа вазири Ботир Қудратхўжаев ушбу тайинловга қадар ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи сифатида ишлаб келаётган эди. Меҳнат фаолияти асосан прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлиқ бўлган Қудратхўжаев, шунингдек, турли йилларда Мажбурий ижро бюроси раҳбари, Ҳарбий прокурор ва Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимларида ҳам меҳнат қилган.

Турдимовнинг ўрнига Сирдарёга янги ҳоким келди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Дониёр Бахтиёрович Қодиров Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Мазкур тайинлов собиқ вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига ўтиши ортидан амалга оширилди.

Дониёр Қодиров ушбу янги лавозимга қадар 2025 йил июль ойидан буён Президент администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари департаменти раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди. Шунингдек, у муқаддам қарийб икки йил давомида Президентнинг тегишли масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимида ҳам ишлаган.

Teglar

Mavzuga oid