«Агробанк» 100 млрд сўмлик венчур компания очди
Янги тузилма қишлоқ хўжалигидаги инновацион стартапларни молиялаштиришга қаратилган.
© Foto: artlebedev.com«Агробанк» устав капитали 100 миллиард сўм бўлган янги венчур компанияни ташкил этди ва дастлабки босқичда ушбу миқдорда маблағ ажратди. Бу ҳақда Президент 24 феврал куни ёшлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.
Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва соҳада инновацияларни жорий этишни жадаллаштиришга қаратилган. Венчур компания орқали илғор технологияларга асосланган стартаплар молиялаштирилади.
Маълум қилинишича, ажратиладиган маблағлар ақлли иссиқхона ва ақлли фермер хўжаликлари, касалликларни эрта аниқлаш тизимлари, шунингдек инновацион техника ва ускуналар ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги лойиҳаларга йўналтирилади.
«Агробанк» мамлакатдаги тўққизта давлат банкидан бири ҳисобланади ва сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиб келмоқда.
Банк, шунингдек, 2025 йил бошида еттита давлат банки томонидан ташкил этилган устав капитали 525 млрд сўм бўлган «United Ventures» фонди таъсисчиларидан бири саналади.
«United Ventures» фонди таркибига «Ўзмиллийбанк», «Халқ банки», «Асакабанк», «МКБАНК», «Туронбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» ҳам киради. Ушбу банклар фондга 14,28 фоиздан эгалик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев шу мулоқотда ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 млн доллар ажратилишини эълон қилган эди. Президентга кўра, бу маблағлар «Алоқабанк» ва «Ўзмиллийбанк»ка берилади ва банк раҳбарлари маблағларнинг тўғри тасарруф этилишига масъул бўлади.





