Аҳолига пул берилади, педофилия учун умрбод қамоқ, «Тинчлик кенгаши»га миллиардлар — ҳафта дайжести
Жорий ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида батафсил танишинг.
Рамазон ойи бошланди
19 февралдан бошлаб Ўзбекистонга Рамазон ойи кириб келди.
Ўзбекистон Президенти қарорига мувофиқ, Рамазон ойида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қўшимча бир марталик молиявий ёрдам ажратилади.
Ижтимоий реестрдаги «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирувчи хўжаликлар, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи фуқаролар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидаги фуқароларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули тўланади. Бу чора Рамазон ойида уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, «камбағал оила» тоифасига киритилган ҳамда маҳалла томонидан қўшимча рўйхатга олинган оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Қолаверса, Рамазон ойида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш учун «Вақф» фондига 1,05 трлн сўм маблағ ажратилди.
Ғазо секторига 7, «Тинчлик кенгаши»га 10 млрд доллар
19 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида «Тинчлик кенгаши»нинг дастлабки йиғилишида иштирок этди.
Доналд Трамп бу тузилма БМТга ёрдам беришини айтди ва янги тузилмага 10 млрд доллар ажратишга тайёрлигини билдирди. Президент бу миқдорни «уруш харажатлари билан таққослаганда жуда кичик» деб атади.
Трампнинг таъкидлашича, Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт Ғазо секторига ёрдам учун 7 млрддан ортиқ маблағ ажратган. Индонезия, Марокаш, Албания, Косово ва Қозоғистон эса минтақада барқарорликни таъминлаш учун ҳарбий ва полиция кучларини йўлламоқчи.
«Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради», дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Трамп йиғилишда барча меҳмон етакчиларни бирма-бир таништириб чиқди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни «менинг дўстим» деб атади.
«Ўзбекистон Президенти Мирзиёев, у қаерда... қани у? Мана у, менинг дўстим. Сизнинг мамлакатингиз ажойиб ишларни амалга оширмоқда, сиз ҳам ажойиб ишлаяпсиз. Шунчаки муаммосиз. Уни ҳар гал кўрганимда, биз (режаларимизни) яхши, муаммосиз амалга оширяпмиз, деб айтаман», — деди Трамп бугунги Тинчлик кенгаши йиғилишида.
Маълумотга кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1 млрд доллардан ошди, Ўзбекистон бозорида АҚШнинг 340 га яқин компаниялари фаолият юритмоқда.
Президент администрациясида ўзгариш
Президент администрациясида кутилмаган кадрлар ўзгариши кузатилди. Ҳилола Умарова Президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этилди ва Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори этиб тайинланди. У Саида Мирзиёеванинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари эди. Унинг ўрнига Президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимига Илҳом Сираджев тайинланди.
2,5 йилдан ортиқ вақт давомида вазирликни бошқариб, 2025 йил июл ойида Президент администрациясига ўтган Ҳилола Умарова нима сабабдан ректорликка қайтарилгани маълум эмас. Қизиғи шундаки, у Президент администрациясида атиги 217 кун ишлади. Унинг лавозимдан олингани сабаблари очиқланмаган.
Ўлдига чиққан Имомали Раҳмон
Бу ҳафта ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Тожикистон президанти Имомали Раҳмоннинг соғлиғи ёмонлашгани, ҳаттоки вафот этгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Президентнинг икки ҳафта давомида омма олдида кўринмай қолиши бундай гап-сўзларга сабаб бўлди: баъзилар у таътилда эканини, бошқалар эса Хитойнинг Ҳайнан оролига даволанишга кетганини ёзди.
Раҳбарият расмийлари бу хабарларга дарҳол муносабат билдирмаганлиги миш-мишларнинг кучайишига олиб келди. Аммо охир-оқибат тарқалган маълумотлар тасдиқланмади. Президент Имомали Раҳмон 14 февралда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Зоу Жиайини қабул қилди, 15 февралда эса Хитой раиси Ши Жинпингни Хитойча янги йили билан табриклаб, видеотабрик эълон қилди.
17 февралда эса у Душанбе шаҳрида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермак Кошербаев ва Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди.
Шу тариқа, Имомали Раҳмон тирик ва фаол, давлат ишларини давом эттирмоқда. У ҳақидаги вафот хабарлари яна бир бор ҳақиқатга тўғри келмаслиги тасдиқланди.
Ташиев энди давлат лавозимларида ишламайди
Ўтган ҳафта Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев ва унинг уч ўринбосари ишдан олинган эди. Бу ҳафта эса Президент Садир Жапаров собиқ чекист эндиликда давлат лавозимларида ишламаслигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, шахсий муносабатлар яхши сақланиб қолади, аммо у давлат хизматидан дам олиши ва соғлиғига эътибор қаратиши керак.
Мен баҳсли масалаларни тинч ва зиддиятларсиз ҳал қилишни афзал кўраман. Дўстлар дўстлигича қолади, лекин у ҳеч қандай давлат хизматида ишламайди. Дам олсин, соғлиғига қарасин. Атрофини тозаласин, «оқсоқоллар ва кўксоқоллар»дан халос бўлсин.
Тергов хизматлари ҳаммасини аниқлаб, тозалаб беради. Албатта, ҳозир у раҳмат демайди, хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб, «Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан», деб миннатдорлик билдиради, деди Жапаров.
Қамчибек Ташиев ишдан олингач, унинг ўрнига Шабданбеков Жумғалбек Кумарович Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.
Форма масаласида баҳслар
Якунланаётган ҳафтада олий таълим тизимидаги тартиб-интизом масаласи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
16 феврал куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида форма киймаган ва дарсга кеч қолган 100 дан ортиқ талабалар машғулотларга киритилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Эълон қилинган видеода магистрант Акмал Йўлдошев галстук тақмагани учун дарсга қўйилмагани айтилгани, бу ҳолат кредит тўлаш ва ортиқча харажатларга сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа вазиятга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, талабалар галстук сабаб эмас, балки дарсга кечикканлари учун машғулотларга киритилмаган. Ректор ўз баёнотида профессор-ўқитувчиларнинг ишга эрта етиб келиши ва талабаларнинг масъулияти масаласига алоҳида урғу берди.
Шунингдек, у университетда одоб-ахлоқ кодекси мавжудлигини, талабалар ушбу талаблар билан танишиб, ихтиёрий равишда шартнома имзолашини қайд этди.
«Агар университет кимгадир босим қилаётган, талабанинг таълим олишига ҳалақит бераётган бўлса, ўқимасин. Лекин мен яна бир марта айтаман: ЎзЖОКУ университети талабалар учун либерал ва эркин», деган Шерзодхон Қудратхўжа.
Воқеа ортидан ижтимоий тармоқларда баҳслар давом этди ва машмашаларнинг эртасига — 17 феврал куни Акмал Йўлдошев ўз саҳифасида костюм ва бўйинбоғда тушган суратини эълон қилди.
Ўзбекистонда педофилия учун умрбод қамоқ
Ниҳоят Ўзбекистонда кўпчилик кутган муҳим қарор қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган ислоҳотлар дастури ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурида аёллар ва болаларга қарши зўравонлик учун жазони кучайтириш ва педофилияга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилиш каби чоралар белгиланди.
Шу билан бирга, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари иштирокини йўлга қўйиш ва коррупцияга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш каби ташаббуслар ҳам назарда тутилган.
Иқтисодий ва экологик соҳаларда ҳам янгиликлар бор: ипотека ва электромобил харидларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ушбу ислоҳотлар жамиятда хавфсизлик ва ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш, заиф қатламларни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Давлат дастурида бу 2026 йил 1-апрелдан жорий этилиши кўзда тутилган.
«Мирзо Улуғбек» номли сунъий йўлдош учирилади
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон космик тадқиқотларида муҳим қадам ташлади. Президент Шавкат Мирзиёев космосга сунъий йўлдош учириш ҳамда биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари биринчи миллий фазогирни тайёрлаш ва уни қисқа муддатли – 10-14 кунлик парвозга юбориш, шунингдек, илмий сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш бўйича дастлабки ишлар ҳақида маълумот олди.
Таъкидланишича, сунъий йўлдошлар орқали тиббиёт, биология, ўсимликлар генетикаси ва материалшунослик соҳаларида амалиётда қўлланиладиган тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган.
2028 йилда «Мирзо Улуғбек» номли илмий сунъий йўлдошни учириш ва Самарқандда халқаро космос конгрессини ўтказиш режалаштирилган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш ва космик технологияларда ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Президент мутасаддиларга барча лойиҳаларни пухта тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Teglar






