add

Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кумуш ва олтин юбилей тангалари чиқарилади

Kecha 10:152 daqiqa

Мирзиёев Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, ҳар йили апрель ойи «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинади.

Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кумуш ва олтин юбилей тангалари чиқарилади

Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда кенг кўламли маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилади, шунингдек, юбилей санасига бағишланган кумуш ва олтин тангалар муомалага чиқарилади.

Қарорда Амир Темурнинг миллий давлатчилик, жаҳон тарихи ва цивилизацияси ривожидаги ўрни алоҳида таъкидланиб, унинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш асосий мақсад сифатида белгиланган.

«Амир Темур ойлиги» жорий этилади

Президент қарорига биноан, ҳар йили апрель ойи «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинади. Ушбу ойлик доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда турли тадбирлар ташкил этилади.

Тадбирларда темуршунос олимлар, тарихчилар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирок этиб, Амир Темур ва темурийлар даврининг илмий, маънавий ҳамда маданий аҳамияти кенг ёритилади. Бу орқали ёш авлодда тарихий хотира, миллий ғурур ва давлатчилик анъаналарига ҳурматни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

2030 йилгача мўлжалланган илмий йўл харитаси

Қарор билан темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган йўл харитаси тасдиқланди. Унга кўра, жорий йил 9–10 апрел кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқаро илмий конференция ўтказилади.

Шунингдек, Амир Темур ва темурийлар тарихига оид илмий ва илмий-оммабоп китоблар тайёрланади. “Темур тузуклари” асари илмий изоҳлар билан бир қатор хорижий тилларда нашр этилиши, шу даврга оид нодир қўлёзмалар ва дурдоналарга бағишланган китоб-альбомлар яратилиши режалаштирилган.

Халқаро тарғибот ва кино лойиҳалар

Йўл харитасида темурийлар даврига оид, хорижий давлатларда сақланаётган ёзма манбалар нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш масаласи ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик алоқаларига бағишланган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмлар Испания, Франция ва Буюк Британия каби мамлакатларда намойиш этилади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб «Буюк темурийлар» атамасини халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий этиш мақсадида хорижий давлатларда тақдимотлар ва медиа тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

Юбилей тангалари чиқарилади

Қарорга мувофиқ, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан почта маркалари, конвертлар, тақвимлар, кўргазмали ахборот воситалари, шунингдек, эсдалик кумуш ва олтин юбилей тангалари муомалага чиқарилади.

Teglar

Mavzuga oid