
«Антикоррупция» мухбири товламачилик ва туҳмат учун 4 йилга қамалди
Марғилон шаҳар суди Элёр Тожибоевни товламачилик, туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатишда айбдор деб топди ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
© Фото: TOJIBOYEV SHAXSIY SAHIFASIDAN Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг 2026 йил 20 январдаги ҳукми билан «Антикоррупция» онлайн нашри мухбири бўлиб Элёр Тожибоев 4 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти судлари телеграм канали.
1990 йилда туғилган Элёр Тожибоев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган:
139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «г» банди;
140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди
165-моддаси (товламачилик) 1-қисми;
219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми;
227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди;
2446-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида.
Элёр Тожибоевга Жиноят кодексининг 59-, 61-моддалари тартибида 3 йил 10 ой, Жиноят кодексининг 60-, 61-моддаларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганлигини бекор қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маҳкум тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўташи белгиланди.
Мухбир аввал ҳам судланган эди
Аввал «Taftish.uz» нашри мухбири бўлиб ишлаётган Элёр Тожибоев 2021 йилнинг 3 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўша йили у Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди биносида ўтаётган суд мажлисига бостириб кириб, ЖИБ Термиз туман суди раиси Одилбек Бегимқулов раислигида ўтаётган суд мажлисига халақит қилган эди.
ЖИБ Қашқадарё вилоят судининг судя Н.Абдуллаев раислигида эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Элёр Тожибоев Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми ва 236-моддаси (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо манзил-колонияларда ўталиши белгиланган эди.





