
Apple ва Google акциядори энди Ўзбекистондаги корхоналарга ҳам эгалик қилиши мумкин
Ўзбекистон Президенти «Blackrock» компанияси билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.
© Фото: president.uz Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давос шаҳрига амалий ташрифи доирасида «Blackrock» компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди.
Ушбу етакчи компания билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
«Blackrock» компаниясининг мамлакатимиздаги устувор лойиҳаларда иштирок этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
«Blackrock» — бу қандай компания?
«Blackrock» — бошқарувидаги активлари бир неча триллион долларни ташкил этувчи дунёдаги энг қудратли инвестиция компанияси ҳисобланади. Компания бошқарувидаги активлар ҳажми 12,5 триллион доллардан ошади (2025 йил ҳолатига). Бу рақам кўпгина ривожланган давлатларнинг (масалан, Германия, Франция ёки Япония) йиллик ЯИМдан анча кўпдир.
Асосчиси — Ларри Финк. У 1988 йилда компанияга асос солган ва ҳозиргача уни бошқариб келади. Компания акциядорлик жамияти бўлиб, унинг акциялари Ню-Йорк фонд биржасида сотилади. Унинг энг йирик акциядорлари — институционал инвесторлардир.
«Blackrock» компаниясининг муваффақият сири — Aladdin (Asset, Liability, Debt and Derivative Investment Network) деб номланувчи юқори технологияли платформадир. Бу тизим:
• Дунёдаги триллионлаб долларлик инвестицияларни таҳлил қилади.
• Хавф-хатарларни (риск) олдиндан айтади.
• Дунёдаги минглаб банклар ва фондлар ўз портфелларини бошқариш учун айнан шу тизимдан фойдаланишади.
Ўзбекистон учун бу нимани англатади?
«Blackrock» Apple, Microsoft, Google, Amazon каби технология гигантларининг энг йирик акциядорларидан бири. Дунёдаги энг йирик банклар, нефт компаниялари ва фармацевтика корхоналарида улушлари бор.
Агар BlackRock бирор мамлакатга кирса, бу бошқа барча йирик инвесторлар учун «бу давлатга ишониш мумкин» деган кучли сигнал бўлади. Бу Ўзбекистон иқтисодиёти учун миллиардлаб долларлик янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.





