
АҚШ 75 та давлат фуқароларига виза беришни тўхтатмоқда — ОАВ
Гап иммиграция қонунчилигидаги «ижтимоий юклама» деб аталадиган қоида ҳақида кетмоқда.

АҚШ Давлат департаменти 75 та давлат, жумладан Россия, Эрон, Бразилия ва Сомали фуқаролари учун визаларни расмийлаштиришни тўхтатади. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар бермоқда. Канал Давлат департаментининг «барча визалар» берилишини тўхтатиш ҳақидаги ҳужжати билан биринчи бўлиб танишганини иддао қилмоқда.
Қарор 21 январдан кучга киради ва идора виза бериш «жараёнини қайта баҳолагунга қадар» номаълум муддат давомида амал қилади.
Каналнинг таъкидлашича, Давлат департаменти бундай қарорни мулозимлар фикрига кўра «давлат учун юк бўлиши мумкин бўлган аризачиларга қарши курашиш мақсадида» қабул қилган.
Fox News маълумотларига кўра, 2025 йил ноябр ойида Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб консулликларга телеграмма юборган бўлиб, унда дипломатларга виза аризачиларини текширишнинг янги қоидаларини қўллаш топширилган.
«Гап иммиграция қонунчилигидаги «ижтимоий юклама» деб аталадиган қоида ҳақида кетмоқда», - дейилади канал хабарида.
Ушбу қоидага кўра, консуллик ходимлари АҚШда ижтимоий нафақалар олишга ҳаракат қилиши мумкин деб ҳисобланган аризачиларга виза беришни рад этишлари керак. Саралаш мезонлари қаторида — саломатлик, ёш, инглиз тилини билиш даражаси, молиявий ҳолат ва ҳатто узоқ муддатли тиббий ёрдамга бўлган потенциал эҳтиёж ҳам бор. Гап қайси турдаги визалар ҳақида кетаётгани ноаниқ.
Шунингдек, Fox News Давлат департаменти вакили Томми Пиготтнинг баёнотидан иқтибос келтирди. У айнан қачон бу баёнот билан чиққани телеканал хабаридан ноаниқ.
Мулозимнинг сўзларига кўра, Давлат департаменти «АҚШ учун юк бўлиши ва Америка халқининг саховатидан фойдаланиши мумкин бўлган» потенциал иммигрантларни талабларга жавоб бермайди деб топиш учун ўз ваколатларидан фойдаланади.
«Давлат департаменти ижтимоий таъминот ва давлат имтиёзларини оладиган чет эл фуқароларининг киришини олдини олиш мақсадида иммиграция назорати тартибларини қайта кўриб чиққунга қадар, ушбу 75 та давлатдан иммиграция тўхтатилади», - деб Fox Пиготтдан иқтибос келтиради.
АҚШ 2025 йилда Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг миграция сиёсатини изчил равишда қаттиқлаштирмоқда. Аввалроқ мамлакатда, жумладан, туристик ва ўқув визаларини бериш қоидалари қаттиқлаштирилди, АҚШ визасига эга бўлган барча шахсларни оммавий текшириш бошланди, грин-карта лотереяси тўхтатилди, шунингдек, чет элликлар учун ишчи визалари учун 100 минг доллар миқдорида йиғим белгиланди.





