add

Арманистон ТИВ Соловёвнинг сўзлари учун Россия элчисига норозилик нотаси топширди

Kecha 21:422 daqiqa

Арманистон пропагандачи айтган фикрларни «Республикаси суверенитетига номақбул тажовуз, душманлик кўриниши» деб баҳолади.

Арманистон ТИВ Соловёвнинг сўзлари учун Россия элчисига норозилик нотаси топширди

Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Дипломатга Кремл пропагандачиси,телебошловчи Владимир Соловёвнинг очиқдан-очиқ «халқаро ҳуқуқ ва тартибга тупурган» ҳолда Арманистон ва Марказий Осиё республикалари ҳудудида «махсус ҳарбий операция» ўтказиш ҳақидаги чиқиши юзасидан расмий норозилик нотаси топширилди. Бу ҳақда Арманистон ТИВ матбуот котиби Ани Бадалян маълум қилди.

«Унга давлат телеканали дастурида берилган баёнотлардан чуқур норозилик билдирилган норозилик нотаси топширилди. Улар Арманистон Республикаси суверенитетига номақбул тажовуз, душманлик кўриниши ва Арманистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузаётгани таъкидланди», — деган Бадалян.

Россия ва Арманистон расман яқин иттифоқчилар ҳисобланади — ҳар икки давлат КХШТ ва Божхона иттифоқига аъзо. Бироқ, Россия ўз иттифоқчисини қўллаб-қувватлашдан амалда бош тортган Озарбойжон билан можаро фонида, расмий Ереван борган сари АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш йўлларини изламоқда. Россия телеканаллари эфирларида Никол Пашинян ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари мунтазам равишда танқид қилиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, пропагандачи бир неча кун аввалги эфирларидан бирида Россия, худди АҚШ Венесуэлада қилганидек, «халқаро ҳуқуққа тупуриши» ва Арманистон ҳамда Марказий Осиё республикаларининг Россия «таъсир доираси»дан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг ички ишларига куч билан аралашиш имкониятини кўриб чиқиши кераклиги ҳақида аҳмоқона фикр билдирганди.

«Арманистондан айрилиш — бу биз учун стратегик инқироздир. «Бизнинг Осиё», яъни улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар эса Россия учун ҳалокатли хавф туғдириши мумкин. Биз ниҳоят мақсад ва вазифаларимизни кескин ва аниқ белгилаб олишимиз шарт. Шуни очиқ айтиш керакки: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ва сохта тартиб-қоидаларга қарашнинг ҳожати йўқ. Агар миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун Украинада махсус ҳарбий операция бошлашга мажбур бўлган бўлсак, нима учун айнан шу мантиқ билан таъсир доирамизнинг бошқа стратегик нуқталарида ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга ошира олмаймиз?» — деганди у.

Марказий Осиё давлатларида ҳам жамоатчилик орасида бу фикрлар кескин норозиликни келтириб чиқарди. Хусусан, ўзбекистонликлар расмийлардан қатъий муносабат билдиришни сўраб, МО давлатлари биргаликда нота бериши кераклигини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid