«Asakabank» Бошқарув раиси қидирмоқда. Талаблар эълон қилинди
Ўзбекистондаги йирик ва тизимли аҳамиятга эга банклардан бири ҳисобланган «Asakabank» Бошқарув раиси лавозими учун танлов эълон қилди.

Ўзбекистондаги йирик банклардан бири — «Asakabank» банк бошқарув раиси (СЕО) лавозимига номзодлар қидирмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Эълонда айтилишича, банкни бошқариб борадиган ҳамда уни хусусийлаштиришга тайёрлайдиган, стратегик фикрлайдиган ва фаол етакчилик қобилиятига эга Бошқарув раиси изланмоқда.
Идеал номзод сифатида ташкилий ўзгаришларни бошқариш, юқори самарали жамоаларни шакллантириш ва ўлчанадиган натижаларга эришиш бўйича тасдиқланган тажрибага эга, тан олинган етакчи кўрилмоқда.
Мазкур лавозим юқори даражадаги стратегик компетенцияларни, манфаатдор томонлар (стейкхолдерлар) билан самарали ҳамкорлик қилиш кўникмаларини ҳамда тартибга солинадиган ва рақобат муҳитида самарали фаолият юритиш қобилиятини талаб этиши қайд этилган.
Бошқарув раиси Кузатув кенгашига ҳисобдор бўлиб, банкнинг корпоратив маданияти, стратегияси ва операцион фаолиятини шакллантиришда муҳим роль ўйнаши керак. Танловда дунёнинг турли мамлакатларидан малакали номзодлар иштирок этиши мумкинлиги айтилган.
Бўлажак бошқарув раисига қўйиладиган вазифалар:
Стратегик етакчилик ва истиқболни кўра билиш
Жамоани шакллантириш ва ривожлантириш
Корпоратив маданиятни трансформация қилиш
Натижага йўналтирилганлик
Операцион трансформация
Манфаатдор томонлар билан ўзаро муносабатларни бошқариш
Хатарларни назорат қилиш ва комплаенс
Молиявий бошқарув
Бозорни кенгайтириш ва инновациялар
Номзодга қўйиладиган асосий талаблар
Олий маълумот:
Бизнес бошқаруви, молия, иқтисодиёт ёки тегишли соҳалар бўйича магистр даражаси ёки бошқа академик даража (масалан, МБА, молия магистри).
Профессионал сертификатларнинг (CFA, CPA ёки шунга тенг малака) мавжудлиги муҳим афзаллик ҳисобланади.
Иш тажрибаси:
Банк ёки молия соҳасида камида 10 йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлиш, шундан камида 5 йилини C-level даражасидаги юқори раҳбарлик лавозимларида (Бошқарув раиси, Бошқарув раиси ўринбосари ёки уларга тенг лавозимларда) таққосланадиган молиявий ташкилотда фаолият юритган бўлиши лозим.
Номзод молиявий соҳада йирик трансформацион лойиҳаларни (жумладан, рақамли трансформация), бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ҳамда ташкилий маданиятни ўзгартириш бўйича тасдиқланган тажрибага эга бўлиши керак.
Хусусийлаштириш, қўшилиш ва қўшиб олиш (M&A), стратегик сотиш ёки молиявий ташкилотларни рўйхатга олиш жараёнларида муваффақиятли иштирок этганлик устунлик беради.
Бундан ташқари, номзод етакчилик ва стратегик фикрлаш кўникмаларига эга бўлиши, жамоани шакллантириш ва ривожлантириш, ташкилий ўзгаришлар ҳамда бизнес трансформациясини самарали бошқариш қобилиятига эга бўлиши керак.
Шунингдек, манфаатдор томонлар билан самарали мулоқот қилиш, молиявий ва бозор маълумотларини таҳлил қилиш, рақамли технологиялар ва финтех ечимларини тушуниш талаб этилади. Ўзбекистон банк секторидаги иш тажрибаси афзаллик беради.
Номзодларда инглиз ва рус тилларини тўлиқ билиш талаб қилинади. Ўзбек тилини биладиганларга устунлик берилади.
Ариза бериш тартиби:
Номзодлар recruitment@asakabank.uz электрон манзилига ёки www.career.asakabank.uz карьера портали орқали батафсил резюме, мотивацион хат ва тавсияларини юборишлари лозим.
Аризалар 2026 йил 10 мартгача қабул қилинади. Танловнинг кейинги босқичларига фақат қисқа рўйхатга киритилган номзодлар таклиф этилади.
Қўшимча маълумот учун: +998 78 147-65-65 (ички: 12-01).
Аввалроқ «Asakabank»нинг аввалги Бошқарув раиси Қудратилла Тўлаганов Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланганди.





