add

Барча мактаблар Президент мактабларининг баҳолаш тизимига ўтади

Bugun 18:282 daqiqa

«Ўзбекистон-2030» стратегиясининг янги таҳририда 2030 йилгача умумтаълим ва мактабгача таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Барча мактаблар Президент мактабларининг баҳолаш тизимига ўтади

«Ўзбекистон-2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.adliya.uz порталига жойлаштирилди. Унда Ўзбекистон таълим тизимини янгилашга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳага мувофиқ, умумий ўрта таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган. Хусусан, 2030 йилгача 1 минг номдаги янги авлод дарслик мажмуаларини чоп этиш режалаштирилган. Ушбу мажмуалар дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда педагоглар учун методик қўлланмаларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1 мингта мультимедиа дастурларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бу рақамли таълимни ривожлантириш ва ўқув жараёнини замонавий технологиялар билан бойитишга хизмат қилади.

Таълим сифатини ошириш мақсадида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳам режада бор. Жумладан, таълим ташкилотларига ҳар йили 600 нафар «тил эгалари» бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш орқали чет тилларини ўқитиш даражасини ошириш мақсад қилинган.

Энг муҳим йўналишлардан бири сифатида Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда қўлланилаётган баҳолаш тизимини барча умумий ўрта таълим муассасаларига жорий этиш назарда тутилган. 2030 йилга қадар бундай мактаблар улушини 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада мактабгача таълим тизимини ривожлантириш масалалари ҳам қамраб олинган. Хусусан, 2030 йилгача болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш, барча мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик суви ҳамда замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилиб, бу орқали бошланғич таълимга тайёрлик даражасини ошириш кўзда тутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid