Беҳруз Каримов «Реал», «Челси» каби клублардан таклифлар борлиги, аммо ҳозир у ерга бора олмаслигини айтди
У мусобақа аввалидаги ишончсизлик ва ёши билан боғлиқ шубҳаларга майдонда ўзини кўрсатиш орқали жавоб беришга интилганини таъкидлади.
© Фото: Getty ImagesФутбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 18 ёшли ҳимоячиси Беҳруз Каримов «Челси», «Реал Мадрид», «Манчестер Сити» ҳамда «Манчестер Юнайтед» каби жамоалардан қизиқиш ва таклифлар бўлаётгани, аммо дастлаб ўйин амалиёти бериладиган ўртамиёна жамоага ўтиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда футболчи бугун, 1 июл куни миллий терма жамоа аъзоларини тантанали кутиб олиш маросимида берган интервюсида сўз очди.
«Мен ёшлигимдан «Челси», «Реал Мадрид», «Манчестер Сити» ҳамда «Манчестер Юнайтед» — ҳар бир жамоани ўйинларини кузатиб борганман. Ҳозирда улардан ҳам таклиф бор, лекин ҳозир у ерга бора олмайман, чунки ўйин амалиёти керак. Шунинг учун ўртароқ жамоага бориб, ўйин амалиётини қилиб, кейинчалик ўша жамоаларда ўйнаш ниятим бор», — деди спортчи хориж клубларининг таклифларига тўхталиб.
Каримов келажакда Мадриднинг «Реал» клуби сафида тўп тепишни орзу қилишини яширмади. Бироқ у бундай даражага босқичма-босқич етиб бориш зарурлигини яхши тушунишини айтди.
«Орзуим — «Реал»да тўп тепиш. Бироқ у ерга ҳозир тўғридан тўғри бориб бўлмайди. Бошқа лигаларда ўйнаб, шу мақсадга эришмоқчиман», — деди футболчи.
Мусобақадаги қийинчиликлар
Интервю давомида спортчи мусобақа аввалида олган жароҳати ва шу сабабли юзага келган босим, шунингдек, ёши борасидаги гап-сўзлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
«Ўзи ҳар бир ўйиндан олдин қийин бўлишини билгандик, лекин мусобақа аввалида жароҳат олдим, албатта кўп мухлислар менга ишонмади ва бу нарсалар учун ҳам мен ҳаракат қилдим. Мени ёш дейишди, лекин ҳеч қанақа ёш эмаслигимни [исботлашга интилдим]. Бор кучим билан ўйнаб, халқимизни хурсанд қилишга уриндим ва уларнинг ишончини оқладим, деган умиддаман. Албатта, ҳали ҳам баъзиларда ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Бироқ тинимсиз ҳаракат қилиб, Худо хоҳласа, бу ишончни тўлиқ оқлашга умид қиламан, менга ишонишларига умид қиламан», — дея таъкидлади Каримов.
Беҳруз Каримов жаҳон чемпионатидаги ҳаракатлари, хусусан, ҳимоядаги ишончли ўйини, жисмоний имкониятлари ва тўп билан ишлаш маҳорати эвазига халқаро мутахассислар эътиборини тортган. Аввалроқ футболчини Англия Премер-лигаси, Германия Бундеслигаси ва Франция Лига 1 клублари кузатаётгани хабар қилинган эди. Трансфер бозоридаги рақобат сабабли даъвогар клублар номи ҳозирча очиқланмаган ва бирор расмий келишув имзоланмаган. Спортчининг кейинги клуби мавжуд барча вариантлар тўлиқ ўрганиб чиқилганидан сўнг аниқ бўлиши кутилмоқда.





