Logo

«Заправка»ларимизда бензин тақчиллиги кузатилмайди — «Ўзбекнефтгаз»

Бугун 08:002 дақиқа

«Ўзбекнефтгаз» расмийсига кўра, сўнгги 9–10 ой давомида бензин нархи 12 минг сўмдан ошмаган.

«Заправка»ларимизда бензин тақчиллиги кузатилмайди — «Ўзбекнефтгаз»

Автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларида (АЁҚШ) бензин тақчиллиги кузатилмайди ва ёқилғи захиралари етарли даражада шакллантирилган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари Аброржон Худойберганов матбуот анжуманида маълум қилди.

Унга кўра, ҳозирда Республика бўйлаб «Ўзбекнефтгаз»га қарашли 152 та АЁҚШ фаолият юритмоқда. Йил бошида ушбу кўрсаткич 31 тани ташкил этган бўлиб, тармоқ кенгайиши натижасида маҳсулот реализацияси йил бошига нисбатан 5–6 бараварга кўпайган.

«Маҳсулот реализацияларимиз йилнинг бошига нисбатан 5-6 бараварга кўпайган. Бугунги кунда ҳар бир АЁҚШимизда автобензин ва дизел ёнилғисининг икки-уч хил тури мавжуд. Захираларимиз етарли, узилишлар кузатилмайди. Ҳар бир вилоятдаги “Ўзбекнефтгаз” заправкаларида бензин ва дизел ёқилғиси бўлади», - деди Аброржон Худойберганов.

Унинг теъкидлашича, жамиятга қарашли шахобчаларда сўнгги 9–10 ой давомида автобензин нархи 12 минг сўмдан ошмаган. Нархлар 10 минг 500 сўмдан 11 минг 500 сўм оралиғида барқарор ушлаб турилмоқда.

«Эътибор қилган бўлсангиз, охирги тўққиз-ўн ой ичида автобензин нархи бизда ўн икки мингдан ошмайди. Яъни ўн бир минг беш юз, ўн минг беш юздан ўн бир минг беш юз оралиғида нархнинг барқарор бўлишини таъминлаб турибмиз», - деди масъул.

Эслатиб ўтамиз, аввалги йилларнинг куз-қиш мавсумида (хусусан, аномал совуқ кунларда) газ тўлдириш шахобчалари (АГТКШ) фаолияти чекланиши оқибатида бензинга бўлган талаб кескин ортиб, айрим хусусий АЁҚШларда навбатлар юзага келган ва нархларнинг сунъий ошиши кузатилган эди.

Теглар

Мавзуга оид