Logo

Биржада бензин нархи рекорд даражага чиқди

Ўзбекистонда АИ-92 бензини тоннаси учун биржадаги нарх қарийб 14 млн сўмга етди. Бу янги рекорд.

Биржада бензин нархи рекорд даражага чиқди © natemat.pl

Республика товар-хомашё биржасида 1 июль куни ўтказилган савдоларда АИ-92 бензини нархи тарихий рекордни янгилади.

Биржа ахборот хизмати 1 июлдан бошлаб АИ-92 бензини бўйича маркалар кесимида маълумот беришни бошлади.

Савдолар давомида АИ-92 нархи 0,6 фоизга ошиб, 13,96 млн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич аввалги рекордни янгилади.

Шунингдек, АИ-92 К-2 бензини тоннаси 15,5 млн сўмдан сотилган бўлса, АИ-92 К-2 L бензини 13,86 млн сўмдан сотилди.

Биржада бензин нархи сўнгги ҳафталарда сезиларли ўсишни бошлади. 1 июндан бери нарх 12 фоиздан кўпроққа ошди.

Нархлар ўсиши Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужуми оқибатида юзага келган бензин танқислиги фонида юз бермоқда.

Украина ҳужумидан кейин Россия ҳукумати Қозоғистон ва бошқа давлатлардан бензин қидиришни бошлаганди. Шундан сўнг Ҳиндистондан бензин экспорти йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда ҳам июнь ойи ўрталарида биржада танқислик ортидан бензин таклифи сезиларли қисқариб кетганди. Кейинчалик таклиф тикланган бўлса-да, нархлар ўсишда давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкентдаги шаҳобчаларда импорт АИ-92 бензини литри учун 13 000 сўм ёки ундан қимматроққа сотилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон ҳам бензин таъминоти бўйича Ўзбекистон ва бошқа ҳамкор давлатлардан ёрдам сўрагани хабар қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid