
Бокуда Қорабоғ раҳбарларига ҳукм: умрбод қамоқ жазолари тайинланди
Боку ҳарбий суди Қорабоғнинг собиқ арман айирмачиларидан иборат раҳбарларига нисбатан ҳукм чиқарди, айрим айбланувчилар умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.
Bokudagi sud jarayoni | © Foto: Azertac5 феврал куни Боку ҳарбий суди 2023 йил кузида қўлга олинган Қорабоғнинг собиқ ҳарбий-сиёсий раҳбарларига нисбатан суд ҳукмларини эълон қилди. Бу ҳақда Озарбойжон давлат ахборот агентлиги «Азертаж» хабар берди.
Собиқ президент Араик Арутюнян, шунингдек, тан олинмаган тузилманинг мудофаа армияси қўмондони Левон Мнацаканян, унинг ўринбосари Давид Манукян ва ташқи ишлар раҳбари Давид Бабаян умрбод озодликдан маҳрум этилди. Қорабоғ миллий мажлиси раиси Давид Ишханянга ҳам умрбод қамоқ жазоси тайинланди. Айблов томони саналганларга нисбатан айнан шундай жазо талаб қилган эди.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчилар тинчлик ва инсониятга қарши жиноятлар, жумладан тажовузкор урушни тайёрлаш ва олиб бориш, терроризм ва уни молиялаштириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашда айбдор деб топилди.
Тайинланган жазолар
Қорабоғнинг яна икки собиқ президенти — Аркадий Гукасян ва Бако Саакян 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. «Азертаж» агентлигининг маълум қилишича, уларга нисбатан умрбод жазо қўлланилмади, чунки судланувчилар 65 ёшдан ошган.
Жами 15 нафар шахс ушбу жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган. Айбловлар орасида геноцид, уруш қонунлари ва одатларини бузиш, террорчилик фаолияти ҳам қайд этилган.
Жумладан Хўжали геноцидида ўз иштирокини тан олган Мадат Бабаян 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Суд жараёни давомида Озарбойжон томони Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар даврида содир этилган воқеаларни тизимли жиноятлар сифатида баҳолаган.
Қорабоғнинг озод этилиши
2023 йил кузида Озарбойжон бир кунлик ҳарбий операция орқали Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни тиклаган эди. Минтақа 1990-йиллар бошида ўзини мустақил деб эълон қилган, аммо ҳеч бир давлат томонидан расман тан олинмаган.
2024 йил 1 январдан Қорабоғ ўз мавжудлигини тугатганини маълум қилди. Шундан сўнг минтақада яшаган ўн минглаб арман аҳолиси ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди.
Қўлга олинган раҳбарлар Озарбойжон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Бокуга олиб кетилган ва судга тортила бошланган.





