Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазоси тасдиқланди
Давлат дастурида бу 2026 йил 1 апрелдан жорий этилиши кўзда тутилган.
© Foto: president.uzЎзбекистонда педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурида келтирилган.
Қайд этилишича, Давлат дастури лойиҳасига аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобил хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар киритилган.
Дастур лойиҳасида аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши, хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чоралари белгиланган.
Мазкур нормалар 2026 йил 1 апрелдан жорий этилиши белгиланган.





