add

Бомба таҳдиди: Turkish Airlines самолёти Барселонага фавқулодда қўнди

Kecha 22:201 daqiqa

Самолёт бортидаги йўловчилардан бири яратган Wi-Fi тармоғининг номи сабаб ҳаво кемаси фавқулодда қўнишни амалга оширишга мажбур бўлди.

Бомба таҳдиди: Turkish Airlines самолёти Барселонага фавқулодда қўнди

Turkish Airlines авиакомпаниясининг самолёти бортда портлаш хавфи борлиги сабабли Барселона аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда El Periodico газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 15 январ куни Турк ҳаво йўлларининг TK1853 рейси билан ҳаракатланаётган Истанбул-Барселона самолёти йўловчилар орасида бомба ваҳимасини уйғотган Wi-Fi уланиши сабаб фавқулодда қўнишни амалга оширган.

Авиакомпания матбуот котиби Яҳё Устунга кўра, самолётда бир йўловчи интернет тармоғи номини бомба таҳдидини ўз ичига олган тарзда созлаган. Шундан сўнг, TK1853 рейси самолёти Барселонага яқинлашган вақтда бомба таҳдиди процедурасини қўллашга мажбур бўлган.

«TK1853 Истанбул-Барселона рейсимиз Барселонага яқинлашаётган вақтда, бир йўловчи самолёт ичида интернетга кириш нуқтасини (hotspot) яратиб, тармоқ номини бомба таҳдиди мазмунида созлагани аниқланди. Шу сабабли парвоз хавфсизлиги доирасида зудлик билан зарур процедуралар бошланди», - деган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Самолёт фавқулодда қўнганидан сўнг ўтказилган қидирув ишларида ҳеч қандай салбий ҳолат аниқланмаган

«Тегишли давлатнинг ваколатли органлари томонидан зарур хавфсизлик қидирувлари ўтказилган ва ҳеч қандай салбий ҳолат топилмаган», — дея тушунтириш берди матбуот котиб.

Тармоқ номини бомба таҳдиди тарзида ёзган йўловчини аниқлаш бўйича ишлар бошланган. Ушбу йўловчига нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилиши таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid