Logo

Бош вазир ўринбосари ишдан олинди, Умурзоқов янги лавозимга тайинланди, Мирзиёев Лукашенко билан кўришди, йиллик инфляция 6,4 фоизга етди — ҳафта дайжести

Bugun 10:007 daqiqa

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.

Бош вазир ўринбосари ишдан олинди, Умурзоқов янги лавозимга тайинланди, Мирзиёев Лукашенко билан кўришди, йиллик инфляция 6,4 фоизга етди — ҳафта дайжести

Ўзбекистонда алифбо янгиланади

Бу ҳафта кўпчилик йиллар давомида муҳокама қилиб келган алифбо масаласи яна кун тартибига чиқди. Парламент лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини замон талабларига мослаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун лойиҳасига кўра, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси эндиликда 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланиш тартибига ҳам аниқлик киритилмоқда.

Лойиҳа муҳокамаси давомида депутатлар янги алифбога ўтиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Шу боис қонун кучга киргунга қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валута ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, давлат идоралари биноларидаги пешлавҳа, кўрсаткич ва бошқа рамзий белгилар эса белгиланган муддатгача аввалгидек фойдаланилиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси энди Сенатда кўриб чиқилади. Агар маъқулланса ва белгиланган тартибда тасдиқланса, янгиланган алифбо босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Янги таклифлар жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айримлар бу ҳарф бирикмаларини алоҳида ҳарфларга айлантириш ёзишни қулайлаштиради, деб ҳисобласа, бошқалар бунга кўникиш қийинлиги ва ортиқча харажатларни келтириб чиқариши ҳақида гапирмоқда.

Мирзиёев Лукашенко билан кўришди

9 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикасига расмий ташрифи доирасида Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан учрашди.

Минск шаҳрида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди.

Ташриф давомида Президент Мирзиёевни Беларусь раҳбари Александр Лукашенко тантанали кутиб олди. Мустақиллик саройидаги маросимда икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди ва давлат мадҳиялари янгради.

Раҳбарлар музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ташриф доирасида ўтказилган норасмий учрашув ҳақида Александр Лукашенко журналистлар билан мулоқот чоғида ҳазиломуз фикр билдирди. Унга кўра, икки давлат раҳбарлари кечки овқатда спиртли ичимлик истеъмол қилмаган, фақат шарбат ичишган.

Лукашенко бу ҳақда “Ўзбекистон Президенти ичмайди”, дея ҳазиллашган. Ташриф якунлари икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Бош вазир ўринбосари ишдан олинди

Бу ҳафта ҳукумат тизимида муҳим кадрлар ўзгариши кузатилди. Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова лавозимидан озод этилди.

Шундан сўнг Президент фармони билан Дилнозахон Собир қизи Каттахонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

Зулайҳо Маҳкамова 2022 йилдан буён Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган эди. Унгача у Наманган вилоятида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган, 2020 йилда Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланган.

Дилноза Каттахонова эса 1991 йилда туғилган. У Ёшлар ишлари агентлигида 2020 йилдан буён ишлаб келмоқда, 2023 йилдан агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Сардор Умурзоқов янги лавозимга тайинланди

Тугайётган ҳафта давлат бошқарувида навбатдаги кадрлар ўзгариши билан ёдда қолди. Сардор Умурзоқов Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори этиб тайинланди.

10 июль куни қабул қилинган фармонга кўра, Умурзоқов ушбу лавозимга ўтказилди ва шу муносабат билан Президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси вазифасидан озод этилди. Шунингдек, мазкур маслаҳатчи лавозими тугатилди.

Сардор Умурзоқов давлат бошқарувида катта тажрибага эга раҳбарлардан бири ҳисобланади. У аввал Инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Президент Администрацияси раҳбари, шунингдек Президент маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Энди у Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги фаолиятига раҳбарлик қилади.

Фоизсиз автомобил сотиб олиш мумкин бўлади

Ўтаётган ҳафта эски автомобиллар атрофидаги баҳслардан сўнг, ҳукумат фуқароларни янги машина харид қилишга рағбатлантиришнинг янги усулини таклиф қилди.

Лойиҳага кўра, фуқаролар янги автомобилларни 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Бу таклиф аввал муҳокама қилинган ва 30 йилдан ошган автомобиллар учун экологик компенсация тўловини жорий этиш ташаббуси ўрнига ишлаб чиқилган.

Ўша лойиҳа жамоатчилик эътирозларидан сўнг бекор қилинган эди.

Янги таклифга мувофиқ, эски автомобилни утилизацияга топширган фуқарога унинг бозор қиймати асосида баҳо берилади. Сўнгра шу қийматда нақд пул ёки ваучер тақдим этилади. Ваучердан расмий дилер орқали янги автомобиль сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

Қолган маблағни эса 2 йилдан 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш таклиф қилинмоқда. Масалан, эски автомобиль 5 миллион сўмга баҳоланса, ушбу сумма янги автомобиль учун бошланғич тўлов сифатида ҳисобга олинади.

Агар ваучердан фойдаланиш исталмаса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул кўринишида олиш имконияти ҳам назарда тутилган. Айни пайтда мазкур ташаббус ҳали муҳокама босқичида бўлиб, амалиётга жорий этилгани йўқ.

Эрдўғаннинг рафиқаси Макронга қаршилик кўрсатди

Тугайётган ҳафта Анқарада ўтказилган НАТО саммити нафақат муҳим сиёсий учрашувлар, балки бир кутилмаган ҳолат билан ҳам эътибор марказига чиқди. Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмине Эрдўған ўртасидаги саломлашиш жараёни ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

7 июль куни расмий кутиб олиш маросимида Макрон Эмине Эрдўған билан саломлашиш учун олдига борган. Унинг қўлини ўпиб кўришишга уринган, аммо Эмине Эрдўған бу ҳаракатга жавобан қўлини тортиб олган. Шундан кейин иккиси оддий қўл бериб саломлашган.

Бу воқеа турли фикрларга сабаб бўлди. Айримлар буни маданий фарқлар билан боғласа, бошқалар вазиятни дипломатик одоб нуқтаи назаридан муҳокама қилди. Маълумки, Туркия анъаналарида катта ёшли ёки ҳурматли инсоннинг қўлини ўпиш - эҳтиром белгиси ҳисобланади.

Бироқ Франция томони Макроннинг бу ҳаракати бўйича расмий изоҳ бермаган. Ҳодиса эса Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммити доирасида содир бўлди. Саммитда асосий эътибор мудофаа харажатлари, Украина ва Европа хавфсизлиги масалаларига қаратилди.

Роналдунинг афсонавий даври ниҳоясига етди

Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду жаҳон чемпионатларидаги сўнгги ўйинини ўтказди. Футбол оламининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган 41 ёшли ҳужумчи мундиал билан хайрлашар экан, “виждоним пок ҳолда кетяпман”, дея таъкидлади.

Португалиянинг Испанияга қарши нимчорак финал баҳсидаги мағлубияти Роналду учун жаҳон чемпионатидаги сўнгги учрашув бўлди. У шу тариқа кетма-кет олтита мундиалда иштирок этган футболчи сифатида тарихда қолди.

Роналду мусобақа давомида ҳам бир қатор рекордларни янгилади. Хусусан, Португалиянинг Ўзбекистонга қарши ўйинида иккита гол урган ҳужумчи олтита турли жаҳон чемпионатида тўп киритган тарихдаги биринчи футболчига айланди.

У жаҳон чемпионатларида жами 27 та учрашув ўтказиб, 11 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, 41 ёшида плей-офф босқичида гол урган энг ёши катта футболчилардан бири бўлди.

Учрашувдан кейин Роналду мундиал билан хайрлашаётганини тасдиқлади, аммо терма жамоадаги фаолияти бўйича якуний қарорга шошилмаслигини айтди. У ҳозирча клуби - Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” жамоасида ўйнашда давом этади.

Тошкентда канализация суви каналга оқизилди

Ёдингизда бўлса ўтган ҳафта Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида йирик авария ҳолати юз бериб, пойтахтнинг 3 та туманидан оқиб ўтувчи марказий канализация қувури ёрилиб кетган эди. Аниқланишича, қувурдан чиққан оқова сувлар Салар каналига оқизилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов бошчилигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Текширув давомида оқова сувлар Салар каналига тўғридан-тўғри оқизилгани аниқланган. Ўрганишларга бошқарманинг Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорология йўналишидаги таҳлилий лабораторияси мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари жалб этилган.

Шунингдек, канал сувидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган. Таҳлил натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани тасдиқланса, айбдорларга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

Экология бошқармаси қўшимча маълумотлар ўрганиш ишлари якунлангач эълон қилинишини билдирди.

Йиллик инфляция 6,4 фоизга етди

Бу ҳафта аҳоли харажатларига таъсир қиладиган муҳим иқтисодий кўрсаткичлардан бири - инфляция даражаси маълум қилинди. Ўзбекистонда йиллик инфляция 6,4 фоизга етди. Асосий қимматлашган маҳсулот ва хизматлар орасида ёқилғи, коммунал тўловлар ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қайд этилди.

Июнь ойида электр энергияси тарифлари ўртача 9,6 фоизга, табиий газ нархи эса 10,7 фоизга ошди. Бундан ташқари, бензин нархи бир ойда 3,9 фоизга кўтарилди, пропан эса 11,3 фоизга қимматлашди. Энг сезиларли ўзгаришлардан бири кўмир нархида кузатилиб, у икки баробардан зиёд ошган.

Озиқ-овқат маҳсулотларида эса айрим маҳсулотлар арзонлаган. Хусусан, мавсумий ҳосил ҳисобига бақлажон, помидор, булғор қалампири ва бодринг нархи пасайган.

Шу билан бирга, гўшт, гуруч, сут маҳсулотлари каби айрим асосий маҳсулотларда нарх ўсиши давом этган. Мутахассислар таъкидлаганидек, коммунал хизматлар ва ёқилғи нархларининг ошиши июнь ойидаги инфляциянинг асосий омилларидан бири бўлган.

Teglar

Mavzuga oid