
Бюджет харажатлари устидан назорат кучайтирилади
2026 йил 1 апрелдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларида Ҳисоб палатасининг вакили — бош инспектор лавозими жорий этилиб, бюджет харажатлар жойида назорат қилинади.

Президент фармони билан Ўзбекистонда давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжат бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ва давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ушбу қарор билан Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолаш тизими ҳам жорий этилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар беш йилда камида бир марта Ҳисоб палатаси фаолияти халқаро стандартлар асосида мустақил равишда баҳоланади. Бу жараён Аудитнинг олий органлари халқаро ташкилоти — INTOSAI методологиялари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилади.
Ташқи баҳолаш натижалари асосида Ҳисоб палатасининг ўрта муддатли ривожланиш стратегияси қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, аудит натижалари давлат сирлари билан боғлиқ маълумотлардан ташқари, жамоатчиликка очиқ эълон қилинади. Бу эса молиявий назорат тизимида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.
Фармон билан Ҳисоб палатаси ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Энди у халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни молиявий аудитдан ўтказиши, халқаро ташкилотлар билан қўшма ва параллел аудитлар ўтказиши мумкин. Бу миллий давлат аудити тизимини халқаро амалиётга уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Қарорда рақамлаштириш масаласи ҳам асосий йўналишлардан бири этиб белгиланди. 2027 йилдан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси лойиҳалари «Капитал қўйилмалар» ахборот тизими орқали шакллантирилади, қурилиш ҳужжатлари эса «Шаффоф қурилиш» платформасида юритилади. 2026 йилдан автомобил йўллари қурилиши космик суратлар ва дронлар ёрдамида мониторинг қилинади.
Шу билан бирга, давлат органларида Ҳисоб палатасининг бош инспекторлари институти эксперимент тариқасида жорий этилади. Улар бюджет харажатлари самарадорлигини жойида назорат қилади. Уларнинг фаолиятини баҳолаш Ҳисоб палатаси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида амалга оширилади ва ҳар чорак якуни бўйича у ўз фаолияти тўғрисида Ҳисоб палатаси раисига ҳисобот беради. Кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Олий давлат аудити мактаби ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик. Маълум қилинишича, жорий йилги бюджет харажатлари 40,9 трлн сўмга оширилади. Қўшимча маблағлар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилади.





