add

Бугундан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

01.02.2026 | 09:536 daqiqa

1 февралдан бошлаб поезд чипталари нархи яна ошади, Ҳажга бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади ва 50 йилдан ошган машиналарни ҳайдаш тақиқланади. Бугундан кучга кирадиган шу ва бошқа қонунчиликдаги ўзгаришларни битта жойга жамладик.

Бугундан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?© Javhar Chorshanbiyeva

50 ёшдан ошган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланади

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспортлардан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади. Улар давлат рўйхатидан ҳам чиқарилади. Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш тўғрисидаги қарорда айтилишича, ушбу тақиқ 1-февралдан кучга киради.

Шунингдек, 1-февралдан бошлаб умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.

Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспортлардан келгусида фойдаланиш зарурати туғилганда, улар “антиквар” тоифасига ўтказилади. Бунда уларга алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами берилади ҳамда рўйхатга олиш ва фойдаланишнинг махсус тартиби белгиланади.

Тезюрар поезд билетлари нархи яна кўтарилади

1 февралдан “Афросиёб” электропоездлари чипта нархлари 15%га оширилади. Ўзбекистон темир йўллари матбуот хизмати электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари, шунингдек электр энергияси ҳамда эксплуатация харажатлари ошганини сабаб қилиб кўрсатган.

Бунда “Афросиёб” электропоездларининг VIP тоифадаги чипта нархлари 15% га қимматлайди. Масалан, Тошкентдан Бухорога амалдаги 875 минг сўмлик чиптани 1-февралдан 1 138 000 сўмга харид қиласиз. Бизнес тоифадаги чипта нархи 1% дан ортиққа кўтарилади, яъни Қаршидан Тошкентга 558 минг сўм эмас, 642 000 сўм тўлаб етиб оласиз. Шунингдек, эконом тоифадаги чипта нархлари эса 5% дан ортиққа қимматламоқда, масалан Тошкентдан Самарқандга 270 минг сўм эмас, 311 000 сўмга чипта харид қилиб етиб оласиз.

Шу билан бирга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” йўловчи поездлари чипта нархлари 15% га оширилди.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги поезд нархлари охирги марта бир йил аввал — 2025 йил 1 февралдан бошлаб ўзгартирилганди. Ўшанда “Афросиёб” билетлари 20–25 фоизга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” билетлари 30 фоизга, ётоқли поездларники эса 10,5 фоизга кўтарилган.

ID карталар электрон рақамли имзо билан берилади

Президент қарори билан, 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари илк марта ID карта (миллий паспорт) олиш учун ариза топширганда, электрон рақамли имзо сертификати карта чипига бепул киритилади.
Бундан ташқари, фуқаролар “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини аниқлашнинг ягона ахборот тизимида автоматик равишда бепул рўйхатдан ўтказилади.

Хорижий фуқароларга ҚҚСни нақд шаклда қайтариш мумкин бўлади

2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда чет эл фуқаролари томонидан илгари сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚС суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пулда амалга оширилиши мумкин.

Энди Ҳажга рўйхатдан ўтмасдан бориб бўлмайди

Ҳажга бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” ишга туширилди. Ўзбекистон фуқаролари энди Ҳаж ва Умрага бориш учун ягона портал орқали рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Янги тартиб қуйидаги муддатлардан бошлаб кучга киради:
2026 йил 1 февралдан — Ҳаж тадбирига;
2026 йил 1 майдан — Умра тадбирига бориш учун порталда рўйхатдан ўтиш шарт.

Шунингдек, зиёратчилар ҳақидаги маълумотлар порталга киритилмасдан туриб, сафарларни ташкил этишга йўл қўйилмаслиги қайд этилди.

Автомактабларда назарий дарсларда қатнашиш ихтиёрий бўлади

1 февралдан “A” ва “B” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади, бунинг учун автомактабларда ўқиш мажбурий бўлмайди. Бунда талабгорлар ўз ихтиёри билан ўқув курсининг назарий қисмини онлайн ёки офлайн шаклда ўқишлари ёхуд унга мустақил тайёрланишлари мумкин.

Фақат мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларни тўлиқ ўташ лозим. Унда қатнашгандан сўнг транспорт воситаларини бошқариш кўникмаларини баҳолашнинг ижобий натижалари асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар топширилади. Фуқаронинг машғулотлардаги ўқишни тугатгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади.

Юк машиналар учун алоҳида серияли давлат рақамлари

Умумий оғирлиги 44 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари, махсус транспорт воситалари, юридик шахсларга тегишли бўлган йўналишсиз таксилар, антиқа автомототранспорт воситалари учун алоҳида серияли давлат рақамлари жорий этилмоқда.

Талабаларн контрактининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади

1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги касбий ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг контракт суммаси 50 фоизгача қисми тўлаб берилади.

Бунда тўловлар тузилган ижтимоий шартнома шартларини бажариш даражасидан келиб чиқиб тўланади ҳамда ёрдамнинг умумий миқдори 1 ўқув йили учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги лозим.

Камбағал оилалардаги ёшлар бепул ҳарбий хизмат ўтайди

1 февралдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшлар учун сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни бепул ўташ тартиби жорий этилади.
Ушбу мақсад учун субсидия ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда ҳарбий хизмат билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобварағидан амалга оширилади. Шунингдек, ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Китобхонлик ижтимоий реклама сифатида тан олинади

Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича «Китоб — маърифат манбаи» дастури амалга оширилади.

Давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади. Транспортларда, жумладан, автобус, метро, самолёт, поездларда симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали Мутолаа платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади. Умумтаълим муассасаларида “Жадидлар изидан” китобхонлик клублари ташкил этилади.

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини аҳоли ва давлат шериклиги асосида молиялаштириш йўлга қўйилади

1 февралдан бошлаб ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти жорий этилади.

Бунда ташаббускор аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоиз қисми ихтиёрий равишда молиялаштирилган тақдирда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади.

Тошкентда резидент автотураргоҳлар нархи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида бўлади

Тошкент шаҳрида резидентлар (яқин атрофдаги биноларда яшовчилар) учун йўл четидаги пулли автотураргоҳлар нархи барча бешта тариф зоналари учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварини (ҳозирда 412 000 сўм ёки 35 доллардан кам) ташкил этади.

Бу пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 25 декабрдаги қарорида кўзда тутилган. Ушбу ўзгаришлар 2026 йил 1 февралдан кучга киради.

Тунги вақтда — соат 20:00 дан 8:00 гача — резидент рухсатномалари бепул берилади. Рухсатномалар учун аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин.

Зўравонликдан жабрланган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади

2026 йил 1 февралдан зўравонлик оқибатида оиладан ажратиб олинган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади.

Бунда:

  • профессионал тутинган оилани ташкил этишга талабгорлар ижтимоий реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

  • танлаб олинган болалар "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари билан тузилган шартнома асосида профессионал тутинган оилаларга жойлаштирилади;

  • ҳар бир болани парваришлаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда ЭКИҲнинг икки баравари миқдорида пул маблағлари тўланади;

  • ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган яшаш харажатлари миқдорида маблағ ажратилади.

Биринчи босқичда Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ихчам марказлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid