Бухорода сайёҳлардан бир ойда қанча тушум тушгани маълум бўлди

21.10.2025 | 10:031 daqiqa

Сўнгги бир ойда Бухорода туристлар ташрифи сезиларли ўсиб, хизматлардан тушган даромад 155 миллион доллардан ошиб кетди.

Бухорода сайёҳлардан бир ойда қанча тушум тушгани маълум бўлди

Бухоро вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, 2025 йил 5 сентябрдан 15 октябргача бўлган даврда вилоятда туризм фаолияти сезиларли даражада ўсган. Шу муддатда Бухорога жами 1 миллион 224,2 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўпдир.

Сайёҳлардан 570,8 минг нафари хорижий, 653,4 минг нафари эса маҳаллий бўлган. Хорижлик меҳмонлар сони 1,6 баробарга, ички сайёҳларники эса 1,5 баробарга ошган. Мутахассислар бу ўсишни шаҳарда ўтказилган Халқаро замонавий санъат биенналеси билан боғламоқда.

Биеннале 5 сентябрдан 15 октябргача давом этган ва Бухорога катта сайёҳлар оқимини жалб этган. Шу кунларда меҳмонхоналарнинг бандлик даражаси 84 фоиздан 92 фоизгача кўтарилган, сайёҳларнинг шаҳарда қолиш муддати эса ўртача 1,5 кунда узайган.

Мазкур бир ойда хорижий туристларга кўрсатилган хизматлар ҳажми 155,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори.

Умуман олганда, 2025 йил бошидан бери Ўзбекистон тарихида илк бор ҳар ойда 1 миллиондан зиёд хорижий сайёҳлар қабул қилинмоқда. Йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 8,6 миллиондан зиёд хорижий турист келган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,5 фоизга кўпдир.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда постпандемик 2022 йилга нисбатан Буюк Британиядан келган сайёҳлар оқими 2,6 баробар, Қатардан 6,2 баробар, АҚШдан 3 баробар, Франциядан 2,9 баробар, Россиядан 2,1 баробар, Венгриядан 3,3 баробар, Германиядан 2,5 баробар ва Польшада 6,2 баробар ошган.

Teglar

Mavzuga oid