«BYD» жаҳон бўйлаб савдоларда тарихда илк бор «Ford»дан ўзиб кетди
Хитой автогиганти 2025 йилда 4,6 млн машина сотиб, «Ford»ни жаҳон рейтингида бир поғона пастга туширди. Бу бозорда кучлар мувозанатининг кескин ўзгаришини англатади.

2025 йил якунларига кўра, Хитойнинг «BYD» компанияси илк бор АҚШнинг «Ford» концернини жаҳон миқёсидаги сотувлар бўйича ортда қолдирди. Бу ҳақда «Bloomberg» компаниялар ҳисоботларига таяниб хабар бермоқда.
Натижада «BYD» глобал авто ишлаб чиқарувчилар рейтингида олтинчи ўринни эгаллаб, «Ford»ни еттинчи поғонага тушириб қўйди.
«BYD» ўтган йили жами 4,6 млн автомобил сотганини маълум қилди. Ford эса 4,4 млнга яқин машина реализация қилган, бу эса аввалги йилга нисбатан қарийб 2 фоизга кам. Шу тариқа Хитой компанияси илк бор Америка автогигантини орқада қолдирди.
Мутахассислар фикрича, бозордаги бу ўзгариш электромобиль сегментидаги кескин рақобат билан боғлиқ. «BYD» арзон ва технологик ечимларга эга моделлар орқали Европа ва Осиё бозорларида улушини тез оширмоқда.
Бозорда кучлар ўзгариши
Ford АҚШда сотувларни оширганига қарамай, Европа ва айниқса Хитой бозорида позицияларини йўқотмоқда. Бу ҳудудларда «BYD», «Xiaomi» ва «Geely» каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар электромобиллар ҳисобига улушни фаол кенгайтирмоқда.
«Ford» ҳозир электрга ўтиш жараёнида қийин даврни бошдан кечирмоқда. Компания стратегияни қайта кўриб чиқиш ва трансформация қилиш учун 19,5 млрд сарфлашини эълон қилди. Бу харажатлар бозордаги рақобат босими кучайганини кўрсатади.
Жаҳон автосаноатида етакчиликни эса «Toyota» сақлаб қолмоқда. Япония корпорацияси олтинчи йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллаб, 2025 йилда 11,3 млн автомобил сотган ва натижани 4,6 фоизга оширган.
Глобал экспансия
«Ford» ички муаммолар билан курашаётган бир пайтда, «BYD» халқаро экспансияни жадаллаштирмоқда. 2025 йилда компания 1,05 млн автомобилни ташқи бозорларга етказиб берди. 2026 йил учун мақсад 1,3 млнга чиқишдан иборат.
Стратегиянинг асосий қисми ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган. «BYD» Таиланд, Ўзбекистон ва Бразилияда заводлар ишга туширди ёки тайёрламоқда. 2026 йил иккинчи ярмида Венгрияда завод очилиши кутилмоқда. Бу Европа Иттифоқи бож тўсиқларини айланиб ўтиш ва маҳаллий брендлар билан бевосита рақобат қилиш имконини беради.





