Cobalt ишлаб чиқарилганидан икки баробар камроқ сотилмоқда
2026 йилнинг беш ойида Ўзбекистонда 193 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқарилган. Энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль эса анъанавий тарзда ҳали ҳам Cobalt бўлиб қолмоқда.
© vaqt.uz2026- йил январ–май ойларида Ўзбекистонда жами 192 893 дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Шундан 190 480 донаси енгил автомобиллар, 2 413 таси эса юк автомобиллари сонига тўғри келди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 11 фоиздан кўпроққа ўсган. 2025-йилнинг январ-апрел ойларида 173 084 дона автомобиль ишлаб чиқарилганди.
Алоҳида моделлар кесимида қаралганда, энг катта ўсиш BYD'да кузатилди. Унинг ишлаб чиқариш ҳажми 5 495 донадан 10 120 донагача кўтарилди.
Шунингдек, Haval модели ҳам 2 930 донадан 4 038 донагача кўпайиб, сезиларли ўсиш қайд этган.
Бироқ Cobalt ҳамон мамлакатда энг кўп ишлаб чиқарилаётган автомобиль сифатида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Моделнинг сотувлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга ошган, ишлаб чиқариш ҳажми эса беш ойда 69 302 донани ташкил этди.
Бошқа моделлардан Tracker 18 079 донадан 18 519 донага, KIA 10 076 донадан 11 128 донага ўсган.
Камроқ ишлаб чиқарилган автомобиллар
Беш ой ичида айрим моделларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани кузатилди. Жумладан, «Дамас» ишлаб чиқариш ҳажми 38 753 донадан 35 269 донага тушди. Onix 16 215 донадан 15 157 донага, Chery эса 3 362 донадан 3 156 донага камайди. Ушбу автомобиль моделларида сўнгги беш ойдан буён пасайиш кузатилмоқда.

Манба: Статистика қўмитаси
Бозордаги ҳолат
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–май ойларида 146 361 дона автомобил сотуви амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга кўпроқ.
2025 йил январ–май ойларида UzAuto Моторс'нинг бозорда сотилган автомобиллардаги улуши 55,9 фоизни ташкил қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 47,1 фоизгача пасайди.
Яъни бозорда UzAuto Motors ҳукмронлиги секин-аста йўқолиб бормоқда. Бироқ, яққол етакчилик ҳали ҳам сақланиб турибди.
2026 йилдан бошлаб UzAuto Motors фойдаси пасайишни ҳам бошлаган. Компания соф фойдаси уч ой ичида 648,3 млрд сўмни ташкил қилди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги фойда — 771,9 млрд сўмдан 16 фоизга камроқ.
Бундан ташқари, Chevrolet бренди остида сотилган автомобиллари улуши сўнгги бир йилда 82,3 фоиздан 78,4 фоизгача камайди. Chevrolet брендининг сотуви 80 фоиздан пасайиши Ўзбекистонда биринчи марта содир бўлди.
Cobalt ҳамон энг кўп сотилган автомобиль модели сифатида ўз ўрнини сақлаб турибди. Шунга қарамай, сотувлар ўтган йилга нисбатан 35,4 фоизга камайиб, 35 245 донани ташкил қилди.
Маълумот учун, UzAuto Motors Cobalt учун «Ipotekabank» орқали йиллик 21 фоиз ставкада, 30 фоиз бошланғич тўлов билан автомобилни сотиб олишни таклиф қилмоқда.
Damas сотуви 32,3 фоизга ўсиб, қарийб 30 мингтага етган бўлса, Onix сотуви 132 фоизга кескин кўпайди ва 16,5 мингтага етди.
Onix ва Damas моделлари сотуви сезиларли ошишига автоконсерн ва банклар ўртасидаги шартномага асосан фоизсиз автокредитлар тақдим қилинаётгани туртки бўлмоқда.





