add

Давлат харидларида янги қоидалар: рақобат 80 фоиз, тежамкорлик 25 трлн сўм

Kecha 07:562 daqiqa

Президент фармони асосида давлат харидлари тизими тубдан янгиланмоқда: янги механизмлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзлар ва миллиардлаб сўм тежамкорлик режалари муҳокама қилинди.

Давлат харидларида янги қоидалар: рақобат 80 фоиз, тежамкорлик 25 трлн сўм

26 январ куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан давлат харидлари тизимини такомиллаштиришга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда электрон харид тизими операторлари, давлат буюртмачилари, йирик давлат корхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган учрашувда Президентнинг 2025 йил 26 декабрда қабул қилинган «Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 259-сонли Фармони мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Мулоқотда вазир ўринбосари Гулнора Рахимова ва департамент бошлиғи Сарвар Назаров иштирок этди.

Таъкидланишича, мазкур Фармон тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар давомида билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқилган.

 

Янги механизмлар

Фармон давлат харидларида очиқлик ва рақобатни кескин оширишни мақсад қилган. Режага кўра, босқичма-босқич рақобатли харидлар улуши 80 фоизга, иқтисод қилинган маблағлар ҳажми 25 трлн сўмга етказилиши кутилмоқда. Шунингдек, харидларда маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 85 фоиз бўлиши белгиланган.

Янгиликлардан бири — харидларда «таклиф сўрови» деб номланган янги рақобатли усулнинг жорий этилиши. Давлат буюртмачиларининг харид режалари эълон қилингач, маълумотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электрон тарзда автоматик етказилади.

Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан юқори бўлган корхоналарга аванс тўловларини шу кўрсаткичдан келиб чиқиб амалга оширишга рухсат берилади.

 

Кутилаётган самара

Фармон доирасида бюджет буюртмачилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳаллий аукцион савдоларини ташкил этиш тартиби ҳам жорий этилади. Бу қарор маҳаллий бизнес учун харид жараёнларида иштирок этиш имкониятини кенгайтириши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, янги қоидалар бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, харид жараёнларида инсон омилини камайтириш ва шаффофликни кучайтиришга хизмат қилади.

Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар томонидан Фармоннинг амалий ижроси, янги механизмларни жорий этиш ва тизим самарадорлигини ошириш бўйича саволлар муҳокама қилинди ва расмий изоҳлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid