Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми раҳбари истеъфога чиқди. Унинг исми «Эпштейн файллари»да бор эди

26.02.2026 | 21:261 daqiqa

Бренденинг Эпштейн билан алоқалари бўйича мустақил текширув якунланган.

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми раҳбари истеъфога чиқди. Унинг исми «Эпштейн файллари»да бор эди

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми президенти Бёрге Бренде 2017 йилдан буён эгаллаб келган лавозимини тарк этаётганини эълон қилди.

Бренде баёнотида айтилишича, у бундай қарорни «чуқур ўйлаб кўргандан сўнг» қабул қилган.

«Менимча, форум ўзининг муҳим ишларини чалғитувчи омилларсиз давом эттириши учун ҳозир энг мос вақт», - дейди Бренде. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирди.

«Эпштейн файллари»да қандай фактлар келтирилган?

Аввалроқ, Жаҳон иқтисодий форуми вакиллари Бёрге Бренденинг молиячи ва жинсий жиноятчи Джеффри Эпштейн билан алоқалари бўйича хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилган эди. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган «Эпштейн файллари»да Бренде молиячи билан уч марта кечки овқат қилгани, шунингдек у билан электрон хатлар ва матнли хабарлар алмашгани айтилган.

Форум ҳамраислари Андре Хоффманн ва Ларри Финк 26 февраль куни алоҳида баёнот билан чиқиш қилди. Унда айтилишича, Бренденинг Эпштейн билан алоқалари бўйича мустақил текширув якунланган — аввал эълон қилинган маълумотлардан ташқари қўшимча хавотирлар аниқланмаган.

Жаҳон иқтисодий форуми президенти ва бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Алоис Цвинги тайинланди.

Teglar

Mavzuga oid