«Дайди топиш» буйруғини берган раҳбар ишдан олинди

Bugun 14:042 daqiqa

Олмазор туманида профилактика инспекторларига «дайди топиб, протокол тузиш»ни буюрган раҳбар лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда VAQT.UZ мухбири хабар берди.

«Дайди топиш» буйруғини берган раҳбар ишдан олинди © Манба: “Daryo” / Farrux Aliyev

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ички ишлар тизимида фаолият юритган раҳбарнинг профилактика инспекторларига ноқонуний топшириқ бергани жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио ва видеоларда у ходимларни қаттиқ танқид қилиб, белгиланган «режа» бажарилмаётганини айтган.

Тасвирларда раҳбар инспекторларга кўчалардан «дайди» топиб, маъмурий баённома расмийлаштиришни талаб қилгани эшитилади. У ҳатто дайди шахслар топилмаган тақдирда, қариндошларни дайди сифатида расмийлаштиришни ҳам буюргани қайд этилган.

Шунингдек, у қисқа вақт ичида кўп сонли — тахминан 300 та маъмурий баённома тузиш вазифасини қўйган. Бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги қонунбузарлик ва суиистеъмол аломатлари сифатида баҳоланди.

Мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.

11 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов ушбу ходим лавозимидан озод этилганини маълум қилди. Бу ҳақда VAQT.UZ мухбири хабар берди.

Расмийларга кўра, у Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча текширувлар олиб борилиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг бошқа вакили Шароф Уролов мазкур ҳолат юзасидан қўшимча изоҳ бериб, бундай топшириқлар берилиши мутлақо нотўғри эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тизимда ҳеч қандай мажбурий “режа” ёки белгиланган квота мавжуд эмас, профилактика инспекторлари эса фақат ўз хизмат вазифаси доирасида жиноятчиликнинг олдини олиш билан шуғулланади.

Уролов таъкидлашича, айрим ҳолатларда дайдилик ва тиланчилик билан боғлиқ вазиятларни аниқлаш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилиши мумкин, бироқ бу аниқ сон ёки мажбурий кўрсаткичлар асосида амалга оширилмайди. Бундай чоралар, аввало, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун қаратилган.

Шу билан бирга, у ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатлар, жумладан, дайди шахс иштирокидаги айрим нохуш ҳолатлар мамлакатнинг хавфсизлик индексига таъсир қилиши мумкинлигини қайд этди. Шу боис профилактика ишлари доимий равишда олиб борилиши зарурлиги урғуланди.

Вазирлик вакили, шунингдек, аудиода тилга олинган “қариндошни дайди қилиш” каби талаблар мутлақо қонунга зид эканини билдирди. Унинг айтишича, ҳар қандай шахсни дайди сифатида расмийлаштириш ёки унга нисбатан чора кўриш фақат суд қарори орқали амалга оширилади ва бу жараён прокурор назорати остида бўлади.

Teglar

Mavzuga oid